Дунё нигоҳи яна Самарқандга қаратилади

30 октябрь – 13 ноябрь кунлари қадимий Самарқанд шаҳрида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказилади.

Ташкилотнинг саксон йиллик тарихи давомида илк бор Париж шаҳридаги қароргоҳидан ташқарида, Буюк ипак йўлининг чорраҳаси бўлган Самарқандда мазкур тадбирнинг ўтказилиши дунё аҳли эътиборини ўзига тортмоқда.

Халқаро форумга тайёргарлик кўриш ва юқори савияда ўтказиш бўйича ҳукумат комиссияси ЮНЕСКО штаб квартираси билан биргаликда конференцияга қизғин ҳозирлик кўрмоқда.

– ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-юбилей сессиясини Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги қарор ташкилот аъзолари ва хайрихоҳлари томонидан жуда яхши кутиб олинган ва бунга икки йилдан буён қизғин тайёргарлик кўрилди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов. – Айни пайтда Самарқанд йирик халқаро саммитга тайёр –  меҳмонларни кутиб олиш учун аэропорт ва темирйўл вокзалида зарур шарт-шароитлар яратилган, транспорт воситалари шай ҳолатда, меҳмонхоналарда жойлар тайёрлаб қўйилган.

ЮНЕСКО штаб квартирасидан вакиллар Самарқандга кела бошлади. Ушбу ҳафта охирида ва келгуси ҳафта бошида меҳмонларнинг катта гуруҳи юртимизга келади. 30 октябрь куни Самарқанд халқаро туризм марказида Бош конференциянинг 43-сессияси очилиш маросими ўтказилади ва 14 ноябрга қадар ташкилотнинг маданият, таълим, фан, маданий мерос ва бошқа йўналишлар бўйича мажлислари, турли тадбирлар ташкил этилади. Бу тадбирларда ташкилотга аъзо давлатлар вакиллари, нуфузли меҳмонлар, таниқли олимлар ва халқаро экспертлар иштирок этади.

– Кўпчиликни ЮНЕСКОнинг нуфузли сессияси нега айнан Самарқандда ўтказилаётгани қизиқтиради, – дея сўзида давом этади Р.Қобилов. – Бу бежиз эмас, чунки Самарқанд нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг йирик маданий маркази, илм-фан ривожланган шаҳар сифатида дунё эътиборида бўлган. Қолаверса, бу ерда бир неча асрлик маданий мерос объектларининг мавжудлиги ва уларни асраб-авайлаш борасида тўпланган тажриба ҳамда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда кўплаб қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилаётган бу қарорга келишга асос бўлган дейишимиз мумкин. Биргина “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали орқали дунё халқларининг миллий мусиқа санъати, фольклори ва мумтоз қўшиқчилик анъаналарини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, бизнинг кўплаб номоддий мерос намуналаримиз ЮНЕСКО рўйхатига киритилган.

Яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлашим керак, тадбирнинг Самарқандда ўтиши ЮНЕСКО учун ҳам катта синов. Чунки илк бор Париждан бошқа жойда ташкил этилаётган Бош конференция сессиясининг қандай ўтиши ташкилотнинг кейинги тадбирлар учун жой танлашида жуда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун халқаро саммитга тайёргарлик доирасида ЮНЕСКО штаб квартирасининг бир нечта техник миссиялари Самарқандга келиб, транспорт логистика тизими дунёнинг барча мамлакатларидан келиш учун қулайлиги, меҳмонхоналар халқаро стандартларга жавоб беришини эътироф этди. Бу, албатта, келгусида Самарқандда туризмни янада ривожлантиришга катта туртки беради.

Сўнгги маълумотларга кўра, ЮНЕСКО тадбирларида иштирок этиш учун Самарқандга 6 мингдан ортиқ меҳмонлар келиши кутилмоқда. Уларга юқори сифатли хизмат кўрсатиш, юртимиз тўғрисида яхши таассуротга эга бўлишлари учун зарур чора-тадбирларни кўрдик. Меҳмонларга ҳамроҳлик қилиш, Самарқанд, умуман, Ўзбекистон тарихи ва бугуни ҳақида батафсил маълумот бериш учун Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти ва “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетининг 800 нафарга яқин талабалари, профессор-ўқитувчилар кўнгилли сифатида жалб этилмоқда. Меҳмонлар сифатли овқатланиши, миллий таомларимиздан татиб кўришлари ёки Самарқандда ўзларининг таомларини истеъмол қилишлари учун шаҳримиздаги 28 та ресторан ва кафелар танланди. Меҳмонларнинг таркиби, ўзига хос турмуш тарзи ва овқатланиш мадариятидан келиб чиқиб таомномалар тузилди.

Айтиш мумкинки, бугун Самарқанд ЮНЕСКО конференциясига ҳар томонлама тайёр. Меҳмонлар Самарқандни ўзлари учун янгидан кашф этишларига ишонамиз ва келгуси икки ҳафтада дунёда фақат Самарқанд номи жаранглайди, жаҳон аҳлининг нигоҳи юртимизга қаратилади.