Дунёда чиқиндичилар шаҳри борлигидан хабардормисиз?

Мисрнинг Қоҳира шаҳри чеккасида жойлашган Маншият Носир насроний қурум маҳалласи, шунингдек, "Чиқиндичилар шаҳри" номи билан ҳам танилган. Унинг аҳолиси қайта ишлаш ва утилизация қилиш учун бутун шаҳар бўйлаб чиқинди йиғиш орқасидан кун кечиради. Бу кварталда Мисрда махсус ижтимоий гуруҳ - заббалинлар ёки чиқинди йиғувчилар сифатида танилган 40 мингга яқин одам истиқомат қилади.

Ҳудуд 1969 йилда, Қоҳира шаҳар маъмурияти барча чиқинди йиғувчиларни бир жой - шарқий Қоҳира яқинидаги Салоҳиддин қалъасидаги Моқаттам тепаликлари (арабча: Al-Mokattam‎)га жамлашга қарор қилганида пайдо бўлган.

Чиқиндиларни тўплаш, саралаш ва қайта ишлаш оилавий бизнес бўлиб, маҳаллий стандартлар бўйича бу иш билан шуғулланувчиларга нисбатан яхши даромад келтиради. Уй-жой мулкдорлари ўз ҳудудидан чиқиндини олиб чиқиш эвазига чиқинди йиғувчиларига муайян ҳақ тўлайди. Давлат уларни ҳеч қандай тарзда тартибга солмайди, лекин улар фаолиятига тўсқинлик ҳам қилмайди.

Кварталдаги одатий уй бир неча қаватдан иборат: биринчи қаватда чиқиндиларни саралаш ва қадоқлаш учун катта хоналар бор, юқори қаватлар эса турар жой сифатида фойдаланилади. Кўпгина уйларнинг томларида сараланган ва олиб чиқишга тайёр ўрамлар сақланади. Баъзи уйларда утилизацияга берилмайдиган чиқиндиларни ёқиб юбориш учун металл тахтасупалар ўрнатилган.

Озиқ-овқат чиқиндилари уй ҳайвонларига озуқа сифатида ишлатилади. Квартал аҳолиси асосий қисмининг ўзига хос фаоллиги ҳамма жойда доимий ёқимсиз ҳидни келтириб чиқарса-да, бу архаик тизим дунёдаги энг самарали тизимлардан бири сифатида тан олинган - Заббаленлар йиғилган чиқиндининг 85 фоизини қайта ишлайди.

Баъзи чиқиндиларнинг очиқ ҳавода ёқилиши кўрсаткич бўйича дунёдаги энг ёмонларидан бири ҳисобланадиган Қоҳира ҳавосининг янада ифлосланишига ҳисса қўшади. Бироқ, бу ҳолат улкан мегаполис шароитидаги мажбурий муросадир. Чунки ҳатто замонавий стандартларга кўра бундай ибтидоий, қўлбола утилизация шаҳарни тоза сақлашга имкон яратади, бу эса у ердаги иссиқ иқлим шароити учун жуда муҳимдир.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.