Дунёдаги энг қашшоқ давлатлар
2021 йилда ер юзи аҳолиси 7,9 миллиард кишига етди. Биргина ўтган асрнинг ўзида дунёдаги одамлар сони 4,35 миллиард кишига кўпайган.
Фуқароларнинг нормал ҳаёт кечириши нафақат даромад миқдори, балки уй-жой, ҳаёт учун зарур бўлган озиқ-овқат, буюм ёки дори воситалардан фойдаланиш имконияти бўлса-да, баъзи бир давлатда бир қарашда табиий туюладиган ушбу шароитлар яратилмаган. Масалан, Оксфорд университети мутахассислари томонидан олиб борилган тадқиқотлар дунё аҳолисининг 76 фоизи (5,5 миллиардан зиёд киши) истиқомат қиладиган 103 давлатда камида 26,5 фоиз (1,46 миллиард) киши қашшоқлик ёқасида яшашини кўрсатди.
Энг қашшоқ давлатлар асосан авторитар режимлар, доимий ҳарбий можаролар, ривожланмаган иқтисодиёт, умумий коррупция, жиноятчилик, экологик қийинчиликлар ва бошқа кўплаб муаммолар ҳукмронлик қиладиган Африкада жойлашган. Жаҳон банки мезонларига кўра аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот йилига 1 025 АҚШ долларидан паст бўлган мамлакатларни жуда камбағал деб таснифлаш мумкин. Дунёнинг энг бой мамлакатларида бу кўрсаткич 12 475 доллардан ошади.
Халқаро валюта жамғармасининг расмий маълумотларига асосланиб, харид қобилияти нисбатидаги аҳоли жон бошига ЯИМ даражасини ҳисобга олган ҳолда, 2021 йилда аниқланган дунёнинг энг қашшоқ давлатлар рейтингини кўрсатамиз.
Марказий Африка Республикаси
Марказий Африка Республикаси (МАР) 2021 йилда дунёдаги энг қашшоқ мамлакат деб ҳисобланди. Собиқ француз мустамлакаси 1960 йилда мустақилликка эришди, лекин йиллар давомида давлатни мамлакат тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётган ҳарбий тўқнашувлар, тўнтаришлар ва турли қуролли тўдалар бошқариб келмоқда. Аҳолиси 4,8 миллион кишини ташкил қиладиган республикада табиий ресурслар, олтин, олмос, нефтнинг кўплигига қарамай, маҳаллий аҳолининг кўп сонли аҳолиси кўчаларда яшашга мажбур.
Конго Демократик Республикаси
Конго аҳолиси тахминан 85,5 миллион киши. Бу қўшни МАРдагидан 16 баравар кўп ва мамлакат қашшоқлик бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Асосий сабаб ҳам ҳарбий ва сиёсий тўнтаришлар. Ҳатто улкан фойдали қазилма конлари ҳам давлат турмуш даражасини оширишга ёрдам бермайди. Шу кунгача тизимли коррупция, жиноятчилик ва ҳокимият учун курашга барҳам берилмаган.
Бурунди
11,4 миллионга яқин аҳолиси бўлган Шарқий Африкадаги Бурунди дунёдаги энг қашшоқ давлатлар рейтингида учинчи ўринда туради. Инглизлар 200 йил олдин тарк этгандан сўнг мамлакат Бельгия таъсирига тушиб қолган ва Бурунди 1962 йилда расман мустақилликка эришди. ЯИМнинг 40 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалиги, асосан, чой ва қаҳва экспорти ҳисобидан ишлаб чиқарилади. Давлат заиф инфратузилмага эга, аҳолининг таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқи чекланган. Даромадлари паст аҳоли очликдан азият чекиб келмоқда.
Либерия
Аҳолиси 4,9 миллион киши атрофидаги Либерия Ғарбий Африкада жойлашган ва минтақадаги энг қашшоқ давлатдир. 1847 йилда Америкадан мустақилликка чиққан давлат ҳокимият учун кураш ва 100 минглаб одамларнинг ўлимига олиб келган фуқаролар урушлари туфайли ўз аҳолисининг фаровонлигини таъминлай олмади. Бугунги кунда халқаро ташкилотлар кўмагида мамлакатдаги сиёсий вазият барқарорлашди, бироқ вайрон бўлган иқтисодиёт жуда секин тикланмоқда.
Нигер
Дунёдаги энг қашшоқ беш давлат рейтингини Африкадаги аҳолиси 22,8 миллион кишидан ошадиган яна бир мамлакат – Нигер ёпиб беради. Бу давлат ҳам 1960 йилда Франция мустамлакасидан чиқиб, ўз мустақиллигига эришган. Мамлакат ҳудудининг 80 фоизига яқинини Саҳрои Кабир чўли эгаллайди.
Рейтингнинг олдинги етакчиларига ўхшаб, мамлакат тарихига кўплаб ҳарбий тўнтаришлар, сиёсий қулликлар ва можаролар ҳамроҳлик қилган. Бошқа томондан Нигер ЯИМи жон бошига 1 153 долларни ташкил этади, бу эса уни ривожланаётган мамлакатлар қаторига қўшишга имкон беради. Айтганча, бу ерда уран ва нефтнинг катта захиралари жамланган.
Дунё аҳолисининг тенгсизлиги ва қашшоқликнинг ақл бовар қилмайдиган даражасини энг бой одамлардан фақат саккизтаси дунё аҳолисининг 50 фоизи билан тенг бойликка эга эканлиги тасдиқлаб беради. Бу эса ер юзидаги одамларнинг 1 фоизи, қолган 99 фоизга қараганда бойроқ эканини англатади. Бу тўғрида эса кейинги мақолаларимизда сўз юритамиз.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.