Дунёдаги энг хавфли йўллар
Дунёда Африкадан тортиб Австралиягача бўлган кўплаб хавфли йўллар мавжуд. Ушбу мақолада саёҳат ҳаваскорлари ва мутахассисларининг огоҳлантирувчи рўйхатларида тез-тез учраб турадиган йўллар ҳақида сўз юритилади.
Агар сиз экстремал ёки ўткир саргузаштлар ишқибози бўлмасангиз, бу магистрал йўлларни айланиб ўтиш тавсия қилинади.
Гуолян туннели, Тайҳан тоғлари – Хитой
1972 йилда чекка тоғли қишлоқ аҳолиси йўл қурилиш тарихидаги энг мўъжизавий ютуқларидан бирини амалга оширди: улар ташқи дунёга чиқишни енгиллаштириш мақсадида тоғ тагидан уч миля узунлигида туннель йўлини ўтказиб чиқишди. Бу ердаги “енгиллаштириш” дегани ҳақиқатан ҳам йўловчиларнинг узоғини яқин қилиб, тоғнинг тошли йўли бўйлаб юришидан кўра туннелдан ўтиши осонроқ бўлишини кўзда тутиб қилинган.
Номи “хатони кечирмайдиган йўл” деб таржима қилинадиган янги йўлак киши терисини жунжиктиради. Туннель шифтининг баландлиги 4,5 метр, йўлнинг кенглиги эса бор-йўғи 3,5 метрни ташкил қилади. Қурувчилар туннель деворларига даврий тешикларни ўйиб қўйишмаганида, одамни клаустрофобия ҳолатига тушириб қўйиши мумкин бўлган даҳшатли қоронғулик ҳосил бўлган бўларди. Машинангиз ғилдиракларидан бир қадам нарида машаққатли меҳнат ортидан қурилган туннель асабларингизни қитиқлаш учун етарли даражада чуқур тубсизликни очади.
Магадан-Якутск М-56 федерал магистрали, Колима - Россия
Узунлиги 1937 километр бўлган ушбу йўналиш Россияда “Суяклар йўли” номи билан машҳур. У ўтган асрнинг 30-йиллари ва 1950-йилларнинг бошларида Сталин диктатураси давридаги минглаб асирга тушганлар томонидан қурилган. Уларнинг бу ердаги совуқ, очлик ва оғир меҳнатдан ҳалок бўлганлари эса йўл бўйлаб дафн этилган.
Йўл қопламаси ҳеч қачон ишончли бўлмаган ва сўнгги йилларда у янаям ёмонлашган. Колима федерал автомагистрали Ердаги энг совуқ аҳоли истиқомат қиладиган жойлардан бир ҳисобланади, у ерда қишда ҳарорат 56 даражагача тушади. Бироқ бу ердан қиш пайтида ер музлаган пайтда, ёздаги лой ботқоқлигидан кўра ўтиш анча осонроқ. Энг ёмони, ўтишга қарор қилган ёки ўтмоқчи бўлганларга ҳар хил ҳужумлар уюштирилгани боис бу ердан ўта эҳтиёткорлик билан ҳаракаталаниш тавсия этилади.
Алжир-Лагосдаги "Транс-Сахара" магистрали – Нигерия
Бутун Африка бўйлаб жуда зарур иқтисодий ривожланишни таъминловчи автомобиль йўллари тармоғини қуриш фантастик ғояга ўхшайди. Масалан, Европадан паромда Ўрта ер денгизини кесиб ўтиб, кейин Жазоирдан Лагосга етиб бориш жуда қулай бўларди. Эҳтимол, "Транс-Сахара" автомагистрали қуриб битилгач, кейинчалик бу мумкин бўлар.
Бироқ ҳозирда 4506 километр узунликдаги ушбу йўлда саёҳат қилиш қийинлигича қолмоқда. Кундузги ҳаво ҳарорати осмон қадар баланд, йўналишнинг кўп қисмида оддийгина ёқилғи ва сув йўқ. Яна бир муаммо – йўлнинг янги асфальтланган қисмлари кўпинча улкан қум тепаларикларидан тушган қумлар остида кўринмай қолади.
Багиодан Бонтоккача бўлган Ҳалсем автомагистарали – Филиппин
Сайёрадаги йўлнинг энг манзарали хавфли қисмларидан бири 1930 йилларда келиб чиқиши Огайо штатидан бўлган қурилиш муҳандиси Эусейб Юлиус Ҳалсем исмли киши томонидан қурилган. Унинг ўзи ҳам 1890 йилларда кўп ўтмай Филиппинга кўчиб ўтган. Кейинчалик Ҳалсем бир неча минг аҳоли яшайдиган чекка қишлоқ ҳисобланган Багийо шаҳрининг мэри ва бош муҳандиси бўлди.
Тоғли провинциянинг пойтахти Бантокда олиб бориладиган йўл қурилиши Багийо шаҳрининг иқтисодий ўсишини оширишига умид боғлади. Узунлиги 149,6 километр бўлган автомобиль йўли тоғ тизмаси ёнбағирлари бўйлаб вулқон жинслари ҳосил бўлган ҳудуддан ўтади. Ушбу тузилмалар 1990 йилда 7,8 магнитудали зилзила натижасида вайрон бўлган ва кейинчалик тайфунлар келтириб чиқарадиган эрозия туфайли янада беқарорлашган. Натижада автойўловчиларга нафақат доимий равишда тош қулаши таҳдиди, балки йўл четидаги жарликлар ҳам таҳдид солмоқда. Бу жойда йўл кўтармасининг бир қисми тўсатдан машинангиз остида йўқолиши мумкин, баъзи ҳудудларни зич туман қоплайди, бу эса кўришни қийинлаштиради.
Агар сиз ушбу йўналишда биринчи марта юк машинаси ёки автобусда саёҳат қилаётан бўлсангиз, юрагингиз ҳис-туйғулар ва адреналин оқимига дош бера олмаслиги мумкин.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.