Дунёдаги ғайриоддий меҳмонхоналар

Ҳар бир мамлакатда сайёҳ ва меҳмонларнинг дам олиши мумкин бўлган меҳмонхоналари ва меҳмон-уйлари мавжуд. Саёҳатчиларнинг меҳмонхона танлашида ўз мезонлари бор – баъзилар учун арзон нарх муҳим бўлса, кимдир диққатга сазовор жойларнинг борлигига эътибор қаратади.

Бугунги мақоламиз оригиналлик жиҳатидан охирги ўринда бўлмаган ғайриоддий нарсалар танловига қизиқувчанлар учун. Улар билан танишгач, сизда зудлик билан бу меҳмонхоналардаги хоналарни "брон" қилиб, у ерларга жойлашиш истаги пайдо бўлса ажабмас.

Хучжоу, Хитой

Ушбу ажойиб бино лойиҳаси MAD Architects компанияси ходимлари томонидан ишлаб чиқилган. 27 қават баландликка эга тақа шаклида қурилган бино Тайҳу кўли яқинидаги хушманзара жойда жойлашган. Меҳмонхонанинг ғайриоддий шакли чексизлик ва бирликнинг шеърий қиёфасини ўзида мужассам этган ҳолда сув тевараги бўйлаб ёйилиб жойлаштирилган.

Ўзининг сувдаги акси билан боғланадиган ҳалқа, айниқса, кечаси ниҳоятда сюрреалистик кўринади...

Урумамба, Перу

Шаффоф капсулалар шаклида лойиҳалаштирилиб, қояларга жойлаштирилган бу меҳмонхона можаро изловчи саргузашт ишқибозлари учун қурилган бўлса, ажабмас. Қоядаги учта кабиналарнинг ҳар бирида 4 киши учун мўлжалланган ётоқхона, ошхона ва ювиниш хонаси каби қулайликлар яратилган. Қуёш панеллари энергиясидан фойдаланадиган экстремаллар кошонаси қўлбола тарзда алюминий ва поликарбонатдан ясалган.

Харадс, Швеция

Швеция шимолидаги ўрмондаги дарахтлар орасида табиат ва ёлғизликни севувчилар учун эко-меҳмонхона жойлаштирилган. Ушбу меҳмонхонанинг 6 та хонасининг ўзига хослиги шундаки, уларнинг барчаси ажойиб шаклга эга ва атрофдаги ландшафт билан уйғунлашган. “Ойнали куб” мукаммал ниқобланган, унда ўрмон акс этади ва уни пайқаб олиш осон эмас.

НУЖ” – дарахтлар орасида тутилиб қолган ўзга сайёраликлар кемаси кишини ажаблантиради. “Қуш ини” - ички ва ташқи қарама-қаршиликларни ўзида мужассам этган ташқаридан улкан қуш уясига ўхшайди, ичкарисида эса 4 кишилик оила учун қулай шароитлар бор. Шу каби деразалари Луле дарёсига қараган “Кабина”, “Конус”, “Ёғочли сауна” хоналари меҳмонга ажойиб атмосферадан баҳраманд бўлиш имконини беради.

Тоггенбург, Альп тоғлари Швейцария

Бу меҳмонхонанинг ўзига хослиги шундаки, унинг меҳмонлари... кўчада яшайди. Унинг архитектураси ноодатий фасади, дераза ёки эшикларни назарда тутмайди – улар оддийгина... йўқ. Учта “хонаси”нинг ҳар бири 2000 метр баландликда, очиқ осмон остида икки кишилик каравот тарзида мафтункор Альп табиати билан ўралган жойда ўрнатилган. Каравотлар лампалар билан жиҳозланган. “Хона”, шунингдек, нонушта, машиналар тўхташ жойи ва энг муҳими, меҳмонларнинг тинчлигига хизмат қилиш ва ҳайвонлардан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган шахсий хизматкор оға билан таъминланган.

Ҳарлинген, Нидерландия
Кран 1957 йилда Ҳарлинген порт шаҳрида жойлаштирилган бўлиб, унинг ишлаш муддати ўтган асрнинг 90-йиллари охирида тугади ва уни демонтаж (қисмларга ажратиш) қилмоқчи бўлган кишилар ушбу конструкцияни янги йўналишда синаб кўришга қарор қилишди.

 

Собиқ кран операторининг кабинаси ва техник хоналарида бемалол икки киши яшай оладиган пешайвонли меҳмонхона хонаси ҳозирланди. Беш қаватли бино баландлигидаги бу ноёб ягона –Havenkraan меҳмонхонасидаги кран механизми ҳали ҳам ишлайди, шунинг учун кабинани 360 даражага айлантириб, доимий равишда “деразадаги кўриниш”ни ўзгартириб туриш мумкин.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.