Дунёлар туташган жойда ёхуд Афғонистоннинг тарихи, бугуни, келажаги ҳақида мулоҳаза
#Сиёсий_шарҳ
Афғонистондаги кейинги воқеалар яна дунё афкор оммаси диққатини ўзига тортяпти. Нега десангиз, у ердаги 50 йиллик низо ва можаролар қайтадан тобора кучли аланга олди. Ҳали шўро армияси босқини давридаёқ, ўтган асрнинг 80-йилларида АҚШ кўмагида шакллантирилган толибон ХХI асрнинг 21-йилида америкаликларнинг ўзини мамлакатдан қувиб чиқарди. Нима, бу тарихнинг аччиқ ҳазилими?
Биз ушбу мақолада Афғонистондаги сўнгги воқеаларни таҳлил назаридан ўтказишга ҳаракат қилдик.
Инқилоблар ўлкаси
Узоқ вақт Буюк Британия ва Россия империялари орасида тортишувларга сабаб бўлиб келган бу ўлка 1919 йил 19 августда, ниҳоят, Омонуллахон бошчилигида Афғонистон амирлиги номи билан ўз мустақиллигини эълон қилди. Янги пайдо бўлган мамлакатни шўро Россияси биринчилардан бўлиб тан олди. 1929 йилда амирлик тузуми бекор қилиниб, Муҳаммад Нодиршоҳ томонидан Афғонистон подшолиги барпо этилди. Нодиршоҳ вафотидан сўнг, ўғли Муҳаммад Зоҳиршоҳ тахтга ўтирди. У 1973 йилда амакиваччаси Муҳаммад Довуд томонидан тахтдан туширилди. Ўша йили Афғонистонда давлат тўнтариши содир этилиб, мамлакат республика деб эълон қилинди. Ички зиддиятлар ва қабилалараро низоларни ҳисобга олмаганда, инглиз мустамлакалари билан Эрон, СССР ҳамда Хитой ўртасида буфер ҳудуд сифатида Афғонистонда ўтган асрнинг 70-йилларигача нисбатан барқарорлик устувор эди. Шу даврга келиб мамлакатда ижтимоий-сиёсий беқарорлик юзага кела бошлади. Чунки Афғонистоннинг дунё тараққиётидан, ҳатто теварак атрофдаги мамлакатлардан ҳар жиҳатдан орқада қолиб кетаётганлиги мамлакат сиёсий элитаси ва зиёлиларини чуқур ташвишлантирмоқда эди. Гарчанд президент Муҳаммад Довуд ҳукмронлик даврида мамлакатни модернизация қилиш ва ислоҳотлар ўтказиш борасида бирмунча тадбирлар амалга оширилган бўлса-да, охир-оқибат ушбу уринишлар қолоқлик натижасида кутилган самараларни бермади ва мамлакат чуқур иқтисодий, алалоқибат, сиёсий зиддиятлар исканжасига тушиб қолди.
1978 йил апрель ойида мамлакатда инқилоб бошланди. Президент Муҳаммад Довуд оиласи билан бирга қатл этилиб, ҳокимият коммунистик йўналишдаги Афғонистон халқ демократик партияси қўлига ўтди. Ҳокимият тепасига Нур Муҳаммад Таракий (Тараққий) келди. Инқилоб кенгаши раиси этиб Ҳафизулло Амин тайинланди. Ҳукумат шўро тутуми асосидаги радикал ислоҳотларни амалга ошира бориб, оқибатда афғон жамиятида катта норозигарчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлди. Натижада мамлакатда фуқаролик уруши бошланиб кетди. Бундай бошбошдоқликдан фойдаланган Ҳафизулло Амин рақиби Нур Муҳаммад Таракийни яширинча қатл этиб ҳокимият тепасига чиқди. Воқеаларнинг бундай тескари тус олишидан ташвишга тушган собиқ коммунистик СССР раҳбарлари гўё америкапараст аксилинқилобий Амин ҳокимиятини бартараф этиш баҳонаси билан Афғонистонга Совет Армияси чекланган қўшинлар контингентини киритишди. 1979 йил 29 декабрда шўро ҳарбийлари томонидан президент саройи ишғол этилиб, Ҳафизулло Амин ўлдирилди ва ҳокимият тепасига Москва томонидан тайёрланган Бабрак Кармал чиқарилди.
Афғонистонда амалга оширилган “Апрель инқилоби” ҳақида гап кетар экан, ўзим гувоҳ бўлган бир ҳолат ёдимга тушади. 1979 ёки 1980 йиллар эди. Тошкентда ўқиётган Сарафроз исмли афғон йигити билан танишиб қолдим. Ўқиш жойимиз яқин бўлганлиги боис тез-тез кўришиб, суҳбатлашиб турардик. Бир гал у яп-янги костюм-шим кийиб келди. Мен унга “муборак шавад” деб либосини мақтаган бўлдим. Сарафроз бунақа арзон кийимларни Афғонистонда хизматкорлар кийишини айтганида ҳайрон қолдим. Бундан ҳам кўра мен унинг димоғи баландлигидан ҳайратландим. Яна бир куни уни «Чорсу» бозорида ўша даврда йигитлар ўртасида мода бўлган “Фекон” кўйлагини сотиб турганида кўриб қолдим. Кейин билсам у жинси шим ва кўйлакларни Афғонистондан олиб келиб, қимматига сотар экан. Шундан билдимки, Сарафрозни билим олишдан кўра кўпроқ пул ишлаш қизиқтираркан. Шу воқеа боис, ўша пайтдаёқ менда Афғонистонда содир бўлган инқилобга нисбатан шубҳа пайдо бўлди. Ёшларни билим олиб, ҳунар ўрганиб, инқилобни ҳимоя қилиш бу ёқда қолиб, пул топишга киришиб кетганлари яхши аломат эмасди. Ахир, ҳукумат уларни етук мутахассис бўлиб ватанга қайтишларини кўзлаб чет элларга ўқишга жўнатган эди-да. Шу маънода, толибон зиёфат уюштирган маршал Дўстумнинг муҳташам саройини кўриб, бундай дабдабага пул сарфлагандан кўра халқини ҳимоя қилишга тайёрланса бўлмасмиди, деган ўй кечади киши кўнглида.
Бундан кейинги воқеалар ҳаммамизга маълум. Коммунистик ғояларнинг инқирози афғон жамиятида ҳам ўз акс-садосини берди. Марксча-ленинча кайфиятдаги элита ўз ўрнини нисбатан мўътадил йўналишдаги сиёсий кучларга бўшатиб берди. 1986 йил 4 май куни бўлиб ўтган партия пленумида Бабрак Кармаль соғлиги ёмонлашгани баҳона қилиниб вазифасидан озод этилди. 1 октябрдан бошлаб Муҳаммад Нажибулло инқилоб кенгашининг янги раиси бўлди. 30 ноябрда Афғонистон парламенти уни мамлакат президентлигига сайлади. 1989 йил совет қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан кейин ҳам уч йил давомида Нажибулло лавозимини сақлаб турди. Шўро армиясининг Афғонистондан олиб чиқилиши мамлакатга тинчлик келтирмади. Аксинча, беқарорлик яна-да кучайди ва у ердаги турли миллатларга мансуб сиёсий кучлар бир-бирлари билан зиддиятга киришди. Афғонистоннинг катта қисмини эгаллаб олган толиблар 1996 йилда Нажибуллони қатл этишди ва шу билан мамлакатда президент бошқарувига барҳам берилди.
Энди нима бўлади?
2001 йил АҚШда машъум террорчилик ҳаракати содир этилгач, унинг ташаббускори Усома бен Ладин толибон қўлостидаги Афғонистонга қочиб яширинди. Бу эса Америка бошчилигидаги коалиция кучларини толибонга қарши отлантирди. Толибоннинг Афғонистондаги ҳукмронлигига барҳам берилиб, у ерда теократик йўналишдаги Ислом Республикаси барпо этилди ва АҚШ ҳамда бошқа Европа давлатлари кўмаги билан шу йилнинг 15 августигача фаолият кўрсатди. Толибон ҳаракати олдиндан имзоланган келишувларга қарамасдан, қисқа муддат ичида мамлакатнинг деярли барча ҳудудларини ўз назоратига олди. Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Нега Америкадек қудратли давлат ортида турган бўлса-да республика қулади?
Бизнинг фикримизча, кейинги 20 йиллик давр ичида у ерда тўлиқ давлатчилик шаклланмади. Хориждан берилган ёрдам ва маблағлар талон-торож қилиниб, ўринли фойдаланилмади. Саноат у ёқда турсин, аграр соҳада ҳам ривожланиш бўлмади. Мамлакат наркотик экинларнинг катта плантациясига айланди. Энг асосийси: афғонистонликларда замонавий дунёвий демократик давлат қуришга иштиёқ, билим ва салоҳият етишмади.
Мамлакатда ҳокимият тепасига толибон келгач, энди оқибати нима бўлиши, табиийки, кўпчиликни қизиқтиради. Бунда бир неча вариантларни кўриш мумкин. Биринчиси, Афғонистон ташқи дунёдан иҳоталаниб, яна ўрта асрлардаги бўлган ижтимоий-сиёсий муносабатларга қайтади. Ахборот алмашинуви ниҳоятда кучайган бугунги глобаллашув давр эътиборга олинса, бунинг сира иложи йўқ. Иккинчиси, толибон анъанавий тутумларининг бир қисмидан воз кечиб, дунё ҳамжамияти билан муросага киришиб фаолият кўрсатса, яна бир мунча муддат давру даврон суриши мумкин. Чунки давлат ҳокимиятини эгаллашдан кўра уни бошқариш мушкулроқ иш. Бу борада большевикларнинг аччиқ тарихий тажрибасини эсласак, масала ойдинлашади. Шу маънода, ҳар қандай мафкурада бўлганидек диний идеологияда ҳам турғунлик охир-оқибат ҳалокат билан якунланади. Чунки дин бу поклик дегани. Айниқса, ислом дини дунёдаги энг тоза, энг мукаммал дин эканлигига ҳеч қандай шубҳа-гумон йўқ. Сиёсат эса ўтган асрда яшаган бир сиёсий арбобнинг ибораси билан айтганда – ифлос иш. Поклик билан ифлослик ҳеч қачон қовушмаган. Шу боис ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В.) гарчанд, сарварлик мақомотида бўлсалар ҳам ўзларини подшоҳ деб эълон қилмаганлар. Кейинги даврларда ҳам диний раҳнамолар ҳукмдорларнинг давлат ишларига аралашмасдан, ўзларини сиёсий фаолиятдан четда тутиб туришган. Қисқаси, дунёвий ишларни диний ақидалар билан аралаштириш умуман дуруст эмас. Аксинча, ҳар қандай давлат диний қадриятларга таянилиб, иймон-эътиқод билан бошқарилса, бу мутлақо бошқа мазмун касб этади.
Газетхонларимизни Афғонистонда толибоннинг ҳокимият тепасига келиши ён-атрофдаги қўшни мамлакатларга қандай таъсир кўрсатади, деган савол қизиқтириши табиий.
Бунда ҳам икки ҳолат кузатилади. Агар толиблар ўзлари ваъда қилишаётганидек, фақат Афғонистон ҳудуди билан чекланиб, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ва ўз ғояларини теварак-атрофга ёймаслик тутумидан четга чиқишмаса, уларнинг қўшнилар учун ҳеч қандай хавотирли жойи йўқ. Мабодо, Ал-қоида ёки ИШИДчиларга ўхшаб халқаро доирага чиқишса, бундан ҳеч қандай яхшилик келиб чиқмайди. Ҳар ҳолда, улар халқаро террорчилик ташкилотларнинг хатосини такрорламаслигига умид қилиб қоламиз.
Худойберди КОМИЛОВ,
“Зарафшон”нинг сиёсий шарҳловчиси.