Дунёни ўзгартириб юборган тасодифий ихтиролар
Кўпинча энг ҳайратланарли ихтироларнинг келиб чиқиши тасодифан содир бўлади. Улар кутилмаган кашфиётлар ва янгиликларга олиб келадиган ҳолатлар ёки хатолар натижасида юзага келган. Ушбу мақолада биз тасодифан яратилган ва дунёмизни ўзгартирган ажойиб ихтиролар ҳақида тўхталамиз.
Гугурт “йўқ жойдан”пайдо бўлди
Дунё яралибдики, одамлар олов ёқишнинг осон усулини ўйлаб топишга ҳаракат қилиб келган. 1826 йилда инглиз кимёгари Жон Уокер ўз лабораториясида ишлаётган эди. У кимёвий аралашмани иситиб, вақти-вақти билан таёқчада аралаштириб турарди. Кейинчалик Уокер таёқнинг учи қатлам билан қопланганини аниқлади. Кимёгар уни қириб ташламоқчи бўлган эди таёқча учи бирдан ёниб кетди. Шундан сўнг синовчи маҳаллий китоб дўконида қутиларда узунлиги 7,5 сантиметр, наждакли қоғоз қўшиб солинган “ишқаланадиган таёқчалар” деб аталган маҳсулотини сотувга чиқарди.
Ошпаз инжиқ мижоз адабини беришга қарор қилди
1853 йилда Американинг Саратога-Спрингс курортида жойлашган ресторанга меҳмон келиб, муассасанинг ўзига хос таоми - фри картошкасига буюртма берди. Официант унга овқатини олиб келганида, мижоз картошка жуда қалин қилиб кесилгани ва пишмаганлигини айтди. Шунда Жорж Крум исмли ошпаз унга “кўрсатиб қўйишга” қарор қилди. У картошкани юпқа қилиб кесиб ташлаб, ёғда қирсиллоқ бўлгунча қовурди ва мижозга узатди. Ажабланарлиси, таом мижозга жуда ёқиб тушди. Кейинчалик ресторан менюсида янги таом - "Саратога чипслари" киритилди. Рецепти жуда оддий бўлганлиги сабабли вақт ўтиши билан чипслар барча ресторан ва овқатланиш жойларида пайдо бўлди.
Мевали музқаймоқ газировкали стакан эди
1904 йилда 11 ёшли бола кечқурун ётишга кета туриб, кўчада ичида қошиқ бўлган бир стакан газланган ичимликни қолдирди. Кечаси қаттиқ совуқ бўлди, эрталаб кўчага чиққан бола музлатилган ширинликни кўрди. У аралашмани эритмоқчи бўлиб, стаканини илиқ сув оқими остига қўйди. Натижада музлаган ичимлик идишдан таёқча билан бирга чиқди. 1923 йилга келиб ўсмир ўзининг "таёқда музлатилган муз"ини патентлади ва тез орада уни сотишни бошлади.
Вафли конусли музқаймоқ ликобчалар етишмаслиги туфайли пайдо бўлди
Дастлаб кўча сотувчилари севимли музқаймоқларни шиша идишларда сотарди. Муаммо шундаки, музқаймоқ сотиб олган одам шираворни еб, идишни қайтариб бергунча арава ёнида туриши керак эди. Шу сабабли кўпчилик музқаймоқни қулайроқ муҳит – кафеларда ўтириб истеъмол қилишни афзал кўрарди. 1904 йилдаги Жаҳон кўргазмасида тақдим этилган вафли конуси ихтиро қилинганда ҳамма нарса ўзгарди. Ярмарка майдонида музқаймоқ дўкони бўлиб, кунларнинг бирида эгасининг ҳамма ликопчалари тугаб қолди. Шунда у қўшни дўконда Эрон вафлилари сотилаётганини кўриб қолди. Вафлилар шунчалик кўп эдики, сотаётган одам уларни қаерга қўйишни билмай турганди. Эпчил музқаймоқчи сотувчи билан келишиб, тез орада вафли конусларда музқаймоқ қўйиб сота бошлади. Вафли конусли музқаймоқ шу тарзда пайдо бўлган.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.