Дунёнинг энг янги мўъжизанамо бинолари
Бу биноларга бир қаранг-а, улар ўзининг ақл бовар қилмас даражадаги дизайн чизиқлари билан киши тасаввурини бузади. Бизнинг цивилизациямиз бундай меъморий дурдоналар билан фахрланса арзийди.
The Lotus Building - Чанчжоу, Хитой
Яқинда Чанчжоу шаҳридаги кўлнинг ўртасида Лотос (нилуфар гули) шаклидаги бино “ўсиб” чиқди. Меъмор ўз ижодида йилнинг исталган пайтида ва ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам атрофдагилар кайфиятини кўтаришни истаган. Шу сабабли бино турли рангларда ва ёрқин ифодаланган.
“Нилуфар”нинг ичида шаҳар идораси жойлашган.
Тоғлардан оқиб келаётган меҳмонхона
Ҳозирча бу фақат лойиҳа, бироқ у эътиборга лойиқдир. Бу меҳмонхонанинг қурилиши Алп тоғларида режалаштирилган. Муаллиф Андрей Рожконинг фикрича, бино тоғлардан оқиб тушаётгандай бўлиб кўринади, унда акс этган қуёш нурлари йўналишини ўзгартириб, ажойиб манзара намоён этади.
Куб шаклидаги уйлар - Роттердам, Нидерландия
Роттердамнинг Оверблаак кўчасида 40 уйдан иборат ғайриоддий қурилма бор, уларни кўрган киши дунё тубдан ағдарилганига амин бўлади. Меъмор Пит Блум ўйлаганидек, ҳар бир уй 45 даражага бурилган. Ичида турар жой квартиралари бор. Қизиқ, бу уйларнинг ичкарисида яшаш қандай экан?
Фан ва санъат шаҳри - Валенсия, Испания
Замонавий архитектуранинг яна бир ажойиб намунаси Валенсия боғи ўртасидаги сувда қад ростлаган. Ниҳоят даражадаги футуристик иншоот худди келажакдаги шаҳар каби кўринади ва қайсидир фантастик ҳайвоннинг скелетини эслатади.
Комплекс беш тузилмадан - саҳна, кинотеатр, боғ, илмий музей ва океанографик боғдан иборат.
Гайдар Алиев маркази - Боку, Озарбайжон
Гайдар Алиев маркази Бокудаги замонавий иншоотлар орасидаги энг ҳайратланарли ва таниқли бино бўлса керак. “Ўзга сайёраликлар” шаклларига бўлган муносабати билан машҳур моҳир меъмор Заҳа Ҳадид бу архитектура асарини деярли тўғри чизиқларсиз яратган.
Марказ ичида кўргазма марказлари ва офислар фаолият олиб боради.
"Emporia" савдо маркази - Мальмё, Швеция
Бу савдо маркази – Скандинавиянинг энг йирик ва дунёдаги энг ҳайратомуз марказларидан биридир. Бино ўртасидан гўё юлиб олингандек, кишига бино қулаётгани каби таассурот қолдирадиган “бўшлиқ” бор. Иншоот ичкарисидаги ранг-баранг эскалаторлар, беланчакли скамейка ва осма боғлар нигоҳингизни ўзига тортади.
"Capital Gate" – Абу Даби, БАА
160 метр баландликдаги осмонўпар бино шаҳардаги энг баланд бинолардан бирига айланди. Муҳими "Capital Gate" Гиннеснинг рекордлар китобига дунёдаги энг баланд қия бурчакли бино сифатида киритилган. У 18 даражани ташкил қилади (Маълумот учун: Пизан минораси фақат 4 даража). Шунингдек, осмонўпар бино “суяниб турган” ёки “қулаётган минора” номини ҳам олган.
Кунстхаус - Грац, Австрия
Бу замонавий санъат галереяси “Дўстона ўзга сайёралик” деб номланади. Ташқаридан бу тузилма кит юраги ёки дирижаблни эслатади.
Кунстхаус музейи биоморф - геометрик фракталлардан таркиб топган бино, ижодкор унинг яратилишида биологик объектларнинг шаклларидан илҳомланган. “Келгинди” кечалари порлаб туради.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.