Дунёнинг ғалати одамлари
Ҳа, улар ғалати одамлар. Шундай нарсаларни ўйлаб топишадики, ҳайратдан ёқа ушлайсиз.
Масалан, хитойлик Ю.Цзинься 2016 йилда жаҳонда киприги энг узун аёл сифатида донг қозонганди. Ўшанда унинг киприги 12 сантиметр эди. Мана, 5 йил ўтиб, яна 8 сантиметрга ўсиб 17 сантиметрга етди. Врачлар ўша ҳодисанинг тагига етолмай бошлари қотган. Хонимнинг ўзи эса бу унга «Будданинг инъоми» эканлигини таъкидлайди. Ю.Цзинься юмуш билан шуғулланганида узун киприклар халақит бермаслиги учун уни қулоғи ортига ўраб қўяди.
Дунёда энг сочи узун аёл ҳам хитойлик. Се Цюпин уни 13 ёшлигидан ўстириб келади. У 45 ёшга кирганида сочи 5 метр 63 сантиметрга етган.
Ўсмирлар ўртасида сочи энг узун ҳиндистонлик Ниланиш Патель. 2018 йилда – 16 ёшида ўлчаб кўрилганда сочи 1,7 метр чиқди. Унинг сочи ҳар йили 15 сантиметр ўсади. Агар ўсиш шу тарзда давом этса, 2045 йилга бориб у хитойлик аёл рекордидан ўзади.
Энди ҳинд Рахакант Бажпайнинг қилиғини қаранг. У 40 ёшида қулоқларидаги жунни оз эмас, кўп эмас, 25 сантиметр ўстирган. Қулоқларидаги жунни у бахт ва омад рамзи деб билади. Улар менга жаҳоний шуҳрат келтирди, дейди у фахр билан.
Яна бир ҳинд Рам Сингх Чаухан мўйлови дунёда энг узун – 4,2 сантиметр эканлиги билан донг таратган.
Ғалати қилиқлар, тўғрими? Энг узун соқолни америкалик Ганс Лангеет ўстирган. У ХХ бошларида бу борада рекордчи ҳисобланган. 81 ёшида вафот этганида соқоли 5,33 метр бўлган. Бу рекордни ҳозиргача бирор киши янгилай олгани йўқ. Соқол ноёб экспонат сифатида Вашингтондаги миллий табиат музейидан жой олган.
Америкалик Жо Гризамор дунёда энг узун найза соч ўстирган. 2019 йилда тепага қараб ўсган бу тиканак соч узунлиги 1,07 метрга етган. Муваффақиятини мустаҳкамлаш учун у бор маҳоратини соч парваришига қаратиб, узунлигини 1,25 метрга етказганини эшитган киши ҳайратдан ёқа ушлаши тайин.
Т.Шомуродов тайёрлади.