Дунёқарашларни тузатадиган "дори". Бепул, фақат қайтариш шарти билан...

Наврўзжон Ҳасанов Оқдарё туманининг чекка маҳалласида яшайди. Билимли, тадбиркор йигит. Асл касби фармацевтлик.

Уни баъзи қишлоқдошлари “аптекачи” деб билмаса, маҳалласида кўпчилик уни шоир сифатида танийди. Сабаби, унинг 5 та шеърий тўплами нашрдан чиққан.  

- Қишлоғимдаги дорихонамда мўъжазгина "халқ кутубхонаси"ни ташкил қилдим, - дейди у. - Бу бошланиши, албатта. Замонавий тил билан айтганда “челленж” бўлиб кетса ажабмас. Ҳар бир дорихонада, дўконда, ҳамма-ҳамма жойда КУТУБХОНА!.. Не ажаб, кун келиб беморлар (одамлар) дори рўйхати билан эмас, китоблар рўйхати билан навбатга туришса...

Айтишича, дорихонасидаги кутубхона бурчагида 200 га яқин китоб бор. Мутолаага қизиқувчи қишлоқ аҳолисига китоблар бепул берилади, фақат ўқиб бўлгач қайтариш шарти билан.

Оммалаштирса арзийдиган ташаббус-а, нима дедингиз?

Тўлқин Сиддиқов.