ДХА 4 йил: Нималар қилинди, нималар қилиниши керак?
Ўтган йилнинг ўн бир ойида вилоятимиздаги давлат хизматлари марказларига 500 мингдан ортиқ мурожаат бўлган бўлса, 2021 йилнинг ортда қолган даврида 650 мингдан зиёд мурожаат қайд этилди. Марказларда фуқаролар кундалик ҳаётида зарур бўлган 160 турдан ортиқ давлат хизматларидан ортиқча оворагарчиликсиз, яшаш жойидан қатъий назар, экстерриториал тамойил асосида фойдаланиши, мурожаати бўйича бепул ҳуқуқий маслаҳатлар олиши мумкин.
Мазкур хизматлар вилоятдаги барча туман ва шаҳарларда замон талаблари асосида бунёд этилган 16 та давлат хизматлари марказлари, уларнинг олис ҳудудлардаги 8 та филиали орқали кўрсатилмоқда. Шунингдек, 22 та ФҲДЁ бўлими, 1 та никоҳ уйи ва 1 та ФҲДЁ архиви халқ хизматида. Бундан ташқари, вилоят аҳолисининг давлат хизматларига бўлган талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда туман марказларидан 100 километрлаб узоқликда жойлашган қишлоқлардаги 31 та почта алоқа бўлимларида ҳам электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти йўлга қўйилди.
Жисмоний ва юридик шахсларга самарали, тезкор ва аниқ хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида жойларда давлат хизматлари филиаллари ташкил этилиши ушбу йўналишдаги ишларнинг изчил амалга оширилаётганлигидан далолат беради. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда вилоятда туман ва шаҳар давлат хизматлари марказлари билан бирга филиалларнинг ҳам хизмат кўрсатаётгани туман марказларидан узоқ масофада жойлашган аҳоли яшаш жойларидаги фуқаролар, тадбиркорларга енгиллик яратмоқда. Энг муҳими, бугун нафақат марказларда, балки қишлоқ жойларда ҳам давлат хизматларидан фойдаланиш борасида сезиларли ўсиш кузатилмоқда.
Жумладан, Нуробод давлат хизматлари маркази мисолида олиб қарайдиган бўлсак, туманда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 17 мингга яқин мурожаатлар бўйича давлат хизматлари кўрсатилган. Мурожаатлар мазмунини таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг асосий қисми пенсия (нафақа) ҳақида маълумотнома олиш, болаларни давлат макатабгача таълим муассасаларига жойлаштириш, фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимига ҳисобга қўйиш, руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриш ёки турмаслиги ҳақидаги маълумотнома, кадастр паспортини шакллантириш билан боғлиқ муаммолардан иборат эканлиги аён бўлади.
Туман вилоятнинг чекка ва ҳудуди катта туманларидан бири. Бугунги кунда Нуробод аҳолиси 150 мингдан ортиқни ташкил қилади. Ҳудуди даштлардан иборат бўлгани учун аҳоли ҳам тарқоқ жойлашган. Энг узоқ ҳудудларгача бўлган масофа 100 километрга яқинни ташкил этади. Шу боис, туманнинг узоқ ҳудуди – Саҳоба маҳалласи ҳудудида давлат хизматлари маркази филиали ташкил этилган. Бундан кўзланган мақсад аҳолининг узоғини яқин қилиш ҳамда ортиқча сарсонгарчиликларнинг олдини олишдан иборат. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Нуробод тумани давлат хизматлари марказининг Саҳоба филиалида жорий йилнинг 11 ойи давомида 600 дан ортиқ мурожаат қабул қилинган бўлиб, уларнинг барчасига тегишли тартибда хизмат кўрсатилган. Энг муҳими, шунча фуқаро туман марказига келиб-кетиш харажатларини тежаб, ўз яшаш ҳудудида туриб хизматдан фойдаланди ва муаммоси ҳал бўлди.
Айтиш лозимки, давлат хизматларининг тури ва кўрсатилиш регламенти ҳам тизимли равишда қисқартирилаётгани аҳолига янада қулайлик яратмоқда. Буни биргина ФҲДЁ бўлимлари фаолиятига татбиқ қилинган композит хизматлар мисолида кўриш мумкин. Вилоят аҳолиси биргина туғилишни қайд эттириш орқали фарзандини болалар поликлиникасига рўйхатга қўйиш, турар жойи бўйича ҳисобга олиш, бир марталик нафақа пулини тайинлаш ҳамда давлат мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш хизматларидан бир вақтнинг ўзида фойдаланаётганидан мамнун. Айни қулайлик уларни 4-5 та идорага боришдан, ортиқча вақт ва пул сарфлашдан халос қилмоқда.
Вилоятнинг барча ҳудудларида ўтказиб келинаётган “Марказ-маҳалла-фуқаро” тамойили, “Ўзимиз келдик”, “Сиз келманг, ўзимиз борамиз”, “Давлат хизматлари маҳаллада” сингари турли акция ва лойиҳалар орқали энг чекка ҳудудларда ҳам тизимли равишда сайёр давлат хизматлари кўрсатилиб, фуқароларга бепул ҳуқуқий ёрдам берилиши йўлга қўйилди. Натижада 20 188 дан ортиқ давлат хизматлари сайёр тартибда кўрсатилди. 900 юздан зиёд тадбиркорлик субъектлари сайёр тартибда давлат рўйхатидан ўтказилди.
Рақамларни солиштирадиган бўлсак, 2018 йил давомида вилоятимизда янги тизим орқали жами 478 678 та давлат хизматлари кўрсатилган. 2021 йилга келиб бу кўрсаткич бир неча баробарга ошди, яъни ўтган 9 ойнинг ўзидаёқ фуқароларга 592 614 та давлат хизматлари кўрсатилди. Таҳлиллар бир кунда вилоятдаги давлат хизматлари марказлари ўртача 2 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатаётганини кўрсатмоқда. Вилоятимизнинг олис ҳудудларида очилган филиаллар томонидан эса ўтган 4 йил давомида 10 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган.
Мақсуд Қурбонов,
Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи.