ДХХ: Фуқаронинг газдан қарзини пора эвазига "ўчиртириб" бермоқчи бўлган мансабдор қўлга олинди
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, хусусан, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг ҳар қандай шаклига барҳам бериш борасида мунтазам равишда фаол ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Шунга қарамай, айрим нафсига эрк берган кимсалар ва ҳаттоки нуфузли мансаб курсисида ўтирганлар ҳам била-туриб порахўрликка, таниш-билишчиликка берилиб кетаётгани ижтимоий ҳаётимизга жиддий хавф солмоқда.
Хусусан, “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали “Нарпай тумангаз” газ таъминоти бўлимининг аҳоли истеъмолчилари билан ишлаш бўлими бош муҳандиси Т.И. мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда маҳаллий фуқаронинг газ таъминотида юзага келган 10 миллион сўм миқдоридаги қарздорлигини сўндириб бериш эвазига 3 миллион 500 минг сўм пул беришини тамагирлик йўли билан талаб қилиб келган.
ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 1979 йилда туғилган, Нарпай туманда яшовчи Т.И. маҳаллий фуқародан сўралган 3 миллион 500 минг сўмдан 1 миллион 500 минг сўм қисмини олаётган вақтида жиноят устида қўлга олинди.
Маълум бўлишича, Т.И. 2021-2023 йилларда "Нарпай тумангаз" бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритиб, айрим истеъмолчиларнинг табиий газдан ноқонуний фойдаланишига бефарқлик билан ёндашганлиги боис, эгаллаб турган лавозимидан олинган. Шунга қарамасдан, муқаддам содир этган ҳаракатларидан етарли хулоса чиқармай, истеъмолчилардан моддий манфаатдорлик эвазига уларнинг мавжуд қарздорликларини электрон базадан ўчириб беришда "ёрдам кўрсатиб" келган.
Ҳозирда, ушбу ҳолат юзасидан фуқаро Т.И.гa нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.