ДХХ кубогини қўлга киритган "Нафис" жамоаси қизлари муносиб кутиб олинди

Хабар қилганимиздек, Тошкент шаҳрида ўтказилган спортнинг мини футбол тури бўйича қизлар ўртасида «Давлат хавфсизлик хизмати кубоги»нинг республика босқичида Жомбой тумани Нўш маҳалласининг "Нафис" қизлар футбол жамоаси биринчи ўринни эгаллади ва 150 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

Бугун Самарқанд темирйўл вокзалида ДХХ кубогини қўлга киритган "Нафис" қизлар жамоасини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Х.Очилов, З.Раҳмонова, Жомбой тумани ҳокимлиги, вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси ходимлари, спорт ихлосмандлари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ғолиб жамоа қизларининг ота-оналари иштирок этди.

Тадбирда "Соғлом ёшлар - Янги Ўзбекистон келажаги" шиори остида аёллар ўртасида ўтказилган ушбу мусобақада "Нафис" жамоасининг матонат билан вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилгани эътироф этилди.

- Жамоамиз қизларининг спорт билан мунтазам шуғуллангани ҳамда аҳиллиги туфайли ушбу натижага эришдик, - дейди "Нафис" футболчиси Санам Муродова. - Лекин бу осон бўлгани йўқ. Жамоамизнинг келгусидаги режалари кўп. Маҳалламиз ва туманимизда ўзимиз каби спортга қизиқувчи ёшларни жамоамизга жалб қилиб, яна мана шундай нуфузли мусобақаларда иштирок этамиз ва бундан-да каттароқ ютуқларни қўлга киритамиз.

Тадбир сўнгида спортчиларга вилоят ва Жомбой тумани ҳокимлиги ҳамда вилоят давлат хавфсизлиги хизмати бошқармасининг эсдалик совғалари топширилди.

Жасур Шукуров.