ДХХ раҳбари ёшларнинг таклифларини қўллаб-қувватлади
Аввал хабар қилганимиздек, Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи А.Ахмедовнинг навбатдаги “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида масъуллар тадбир доирасида ташкил этилган кўргазмада ёш тадбиркор ва ҳунармандларнинг ижод намуналари билан танишди. Шундан сўнг, спортнинг шахмат тури бўйича маҳалладаги ёшлар етакчилари ўртасида “ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи кубоги” баҳсларига старт берилди.
Мусобақа очилишида А.Ахмедов юртимизда шахмат ривожланиб бораётгани, республика вилоятлари орасида Самарқанддан энг кўп - 8 нафар халқаро гроссмейстер етишиб чиққани, шунингдек, вилоятда 29 нафар тренер-ўқитувчи қўл остида 975 нафар спортчи шахмат билан мунтазам шуғулланиб келаётганини таъкидлади ва иштирокчиларга муваффақият тилади.
Тадбир “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” билан давом этди. Учрашувда Самарқанд шаҳридаги 500 нафарга яқин ёшларнинг тадбиркорлик, ишга жойлашиш, спорт билан шуғулланиш учун шароит яратиш, китобхонлик ва компьютер саводхонлиги масалалари юзасидан мурожаат ва таклифлари эшитилди.
Жумладан, Самарқанд шаҳридаги Наврўз маҳалласида яшовчи Мунис Бахтиёров маҳалла ёшлари учун спорт зал қуриш ёки шуғулланиш учун шароит яратиб бериш, Юқори Хўжасоат маҳалласида яшовчи Сарвиноз Носированинг хотин-қизларни қандолатчилик касбига ўқитиш учун катта печ сўраб қилган мурожаати Самарқанд шаҳар ҳокимлиги масъуллари томонидан тегишли тартибда ўрганилиб, ёрдам кўрсатилиши белгиланди
Сартепа маҳалласида яшовчи Тозагул Долиева 17 ёшли қизи Маржона Холбекованинг иккинчи гуруҳ ногирони эканлиги ва чет тилини ўрганиши учун компьютер керак бўлаётганини сўраган бўлса, Гулобод маҳалласида яшовчи Жасмина кутубхона учун 200 та китоб кераклиги юзасидан мурожаат қилди ва уларга ДХХ вилоят бошқармаси томонидан ёрдам берилиши маълум қилинди.
Учрашувда ёшлар етакчилари томонидан ҳам мурожаат ва таклифлар кўп бўлди. Хусусан, Гулбаҳор маҳалласи ёшлар етакчиси Нодира Бегматова маҳаллада замонавий стрет воркоут майдончаси қуриш бўйича қилган мурожаати тегишли тартибда ўрганилиб, ёрдам берилиши айтилди. Алишер Навоий номли маҳалла ёшлар етакчиси Фарангиз Худоёрова эса ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишда ДХХ вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ишлашни сўради ва таклиф мутасаддилар томонидан қўллаб-қувватланди.
Тадбирда фаол иштирок этган ёшлар ва шахмат бўйича “ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи кубоги” мусобақасида ғолиб бўлган ёшлар етакчилари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Фазлиддин Рўзибоев.