ДХХ ва ИИВ ходимлари катта миқдордаги гиёҳванд моддалар савдосига чек қўйишди
Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ва олди-сотдиси инсоният олдидаги энг жиддий хавфлардан биридир.
Чунки чегара билмас бу иллат аллақачон глобал муаммога айланиб улгурди. Шу боис ҳам мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши тизимли равишда кураш олиб борилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Ургут туманидаги “Жартепа-авто” халқаро ўтказиш пункти яқинда жойлашган “Муғол” қишлоғида ўтказилган тезкор тадбирда Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти Панжикент тумани Бўстондех қишлоғида яшовчи Умид Ҳасанов Ургут шаҳрида истиқомат қилувчи Қобил Ахатовга 1,5 кг. опий гиёҳванд моддасини сотаётган пайтда қўлга олинди.
Тезкор суриштирувлар давомида Умид Хасановнинг ҳамтавоғи бўлган Тойлоқ тумани Бачки қишлоғида истиқомат қилувчи Сайфулло Шодиевнинг хонадонида 12 кг 445 грамм опий моддаси сақланаётгани маълум бўлди ва тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Мазкур ҳолат бўйича ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида Сайфулло Шодиевнинг таниши бўлган Шуҳрат Мустафоқулов ҳам ушланиб, у ўз отасининг хонадонига 8 кг 330 гр. опий ва 2 кг 335 гр. героин моддасини яшириб қўйганлиги аниқланди ва мазкур гиёҳванд моддалар тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Бундан ташқари, муқаддам Шуҳрат Мустафоқулов ва Сайфулло Шодиевдан гиёҳванд моддалар сотиб олган фуқаро Акмал Исломовнинг яшаш жойидан эса 1 кг 200 гр опий ва 70 грамм героин моддаси олинди.
Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 23 кг 450 граммдан ортиқ опий ва 2 кг 400 граммдан зиёд героин гиёҳванд моддаси олинди.