Электрсиз ҳам яшаш мумкин...ми?
Ҳаётимизни электр энергиясиз тасаввур қилолмаймиз. Аммо дунёнинг ҳамма аҳолиси ҳам электрдан баҳраманд бўлаётгани йўқ. Хўш, улар қандай кун кечиряпти?
Буюк Британия мутахассислари ана шундай электрсиз яшаётган аҳолига ёрдамга отланди. Улар қўл билан айлантириладиган кир ювиш машинаси ихтиро қилишди. У жуда содда. Ювиладиган кир ювиш махсус барабанга солинади, сув, сода қуясиз. Кейин барабан дастагини қўл билан айлантирасиз…
Ривожланаётган мамлакатларга инсонпарварлик ёрдами сифатида 7500 та ана шундай машина жўнатиш мўлжалланмоқда.
Бу мамлакатлар учун динамо-машинали ноутбук ҳам яратилди. Уни қўл билан айлантирсангиз, у 40 минут ток беради.
Ҳиндистонда эса лойдан ясалган совуткич ихтиро қилинди. Электр йўқ жойларда у аҳолига жуда асқотади. Ишлаш принципи эса жуда оддий. Совуткич деворлари ораси лойдан. Тепасидаги идишига сув қўйсангиз кифоя. Сув совуткичнинг лойдан ясалган «қовурға»ларидан сизиб ўтиб туради ва ичкарида ҳарорат +6 даража бўлишини таъминлайди.
Япон муҳандиси "Suzuki" ва Американинг "Bedal" соат компанияси ҳам калькуляторлар учун сувдан фойдаланишади. Калькулятордаги сув кўмир конденсатор билан ток ишлаб чиқади. Сувга озроқ туз ҳам солинади. Шўр сувнинг электрод билан кимёвий реакцияси соатни икки ой ишлашига етади, сўнгра сув алмаштирилади.
Буни қарангки, яшаш хонасини ернинг тортиш кучи ёрдамида ишлайдиган генератор билан ёритиш мумкин экан. У худди занжирли девор соатига ўхшаб кетади. Занжир посангиси соатни ишлатгандай бу ерда у генераторни ишлатади.
Инсон ақл-заковати нималарга қодир эмас, дейсиз?
Т.Шомуродов тайёрлади.