Элларни маърифат бирлаштиради

Тошкентда "Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар" мавзусида ўтказилган анжуман жараёнини кузатиб, қалбим тўлқинланиб кетди.
Жуда ажойиб иш бўлди! Айниқса, ушбу конференция давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бўлгани фахрлидир. Чиндан ҳам Ўзбекистон кейинги йилларда геоиқтисодий, геомаданий ҳамкорликнинг чинакам ташаббускори ва ташкилотчисига айланмоқда.
Президент Ш.Мирзиёев бу халқаро конференцияда сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, тилимиз ўхшаш, динимиз битта бўлгани боис бу минтақа аҳолиси азалда ўзаро бирдамликда яшаб келган. Шу сабабли тарихимизни ўрганишимиз бизни бир-биримизга янада яқинлаштиради, иқтисодий шерикликка, ишончга йўл очади.
Сўзимнинг исботи учун битта мисол келтириб ўтаман.
Бобом, буюк маърифатпарвар Саидризо Ализода меросини ўрганиш мақсадида у кишининг ўз вақтида мақола ва китоблари етиб борган Осиё давлатлари мутасаддилари билан алоқа боғладим. Туркия, Озарбайжон, Ҳиндистон, Эрон кутубхоналаридан анча-мунча қўлёзмалар, маълумотлар олдим.
Покистонда эса мени Покистон Ислом университети ректори, жаноб Ҳасан Маҳмуд Абдул Латиф Шафийнинг ўзи қабул қилди. Университет бой кутубхонасидан жадид бобомнинг Ислом дини ва фалсафасига, тарихига оид қимматли асарларидан нусхалар берди. Маълум бўлишича, бу асар дин тарихи бўйича энг ишончли маълумотларга эга бўлиб, ундан Покистон миллий гимни, кўплаб дарсликларда фойдаланилган экан.
Мени ҳайратга солгани шуки, Осиёнинг қайси давлатига бормай, у ердаги зиёлилар муштарак тарихимизни ўрганиш учун хайрихоҳлик билдиришди. Демак, улар Ўзбекистон зиёлилари билан ҳамкорлик қилишни исташади. Биз ана шу имкониятдан, мойилликдан унумли фойдаланишимиз лозим. Бу яқинлик эса келгусида тижорат, иқтисодиёт соҳасидаги мустаҳкам ҳамкорликка йўл очади. Муҳими, шонли тарихимиздаги бирдамлик анъанасини давом эттирамиз.
Фарҳод Ализода.