Эълон қилинмаган ташриф: Жо Байденнинг АҚШ президенти сифатида Киевга биринчи ташрифи ҳақида нималар маълум?

Душанба куни АҚШ президенти Жо Байден давлат раҳбари сифатида илк бор Киевга ташриф буюрди. У украиналик ҳамкасби Владимир Зеленский билан учрашиб, Украинага яна 500 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакети ажратилишини эълон қилди ва ҳафта охиригача Россияга қарши янги санкцияларни жорий этилишини маълум қилди.

20 февраль куни Украинада 2014 йилда Киевдаги давлат тўнтаришида ҳалок бўлган иштирокчилар хотирасига белгиланган "Самовий юз қаҳрамонлар куни" деб номланган байрам нишонланди. Байден ва Зеленский тегишли ёдгорлик жойлашган Михайловская майдонига ташриф буюришди.

Кутилмаган ташриф
Байденнинг Киевга сафари эълон қилинмаган. Аввалроқ у 20-22 февраль кунлари Польшага ташриф буюриши хабар қилинган бўлиб, Оқ уй президентнинг Украинага ташриф буюриши режаларини рад этган эди.

Душанба куни эрталаб Киев марказида тирбандликка олиб келган йўллар тўсиб қўйилди. Шунингдек, Украина-Польша чегараси узра осмонда уч нафар Америка разведка самолёти навбатчилик қилгани, куннинг иккинчи ярмида Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари ва Берлиндаги собиқ элчи Андрей Мелник Киевнинг “асосий ҳамкорлари” ташрифи кутилаётганини маълум қилди.

Тушда Украина оммавий ахборот воситалари Байденга ўхшаш одам бўлган видеоларни нашр эта бошлади. Кўп ўтмай, Зеленский ўзининг Telegram-каналида америкалик ҳамкасби билан қўшма сурат жойлаштирди, унинг идораси раҳбари Андрей Ермак эса Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан билан Мариинский саройида (Украина президентининг қароргоҳи) тушган суратини жойлаштирди.

Politico газетасининг Киев вакилига таяниб хабар беришича, ташриф бир ҳафта ичида тайёрланган. The New York Times газетасининг ёзишича эса Байден Украина пойтахтига Польшадан поездда келган.

Ёрдам ва санкциялар
Зеленский билан учрашувда Байден Украинага 500 миллион долларлик янги ёрдам пакети тақдим этилишини маълум қилди, деб хабар бермоқда Reuters. Бу 21 февраль, сешанба куни расман эълон қилинади.

Ёрдам пакетига ўқ-дорилар ва танкга қарши тизимлар, жумладан Javelin комплекслари, шунингдек, гаубица ва радарлар киради. Зеленский, шунингдек, Америка президенти билан узоқ масофага мўлжалланган қуролларни етказиб бериш масаласини ҳам муҳокама қилганини таъкидлади.

Хуллас, Қўшма Штатлар шу ҳафтада Россияга қарши янги санкциялар пакетини эълон қилмоқчи. Ҳафта охиригача жорий этилиши кутилаётган навбатдаги чекловлар пакети Европа Иттифоқи томонидан ҳам муҳокама қилинмоқда.

Бугуноқ АҚШ президенти Жо Байден Киевни тарк этгани ҳақида CNN мухбири Кейтлан Коллинз хабар берди.