Энди бировнинг номидан овоз беролмайсиз
Берилган овозларни билатуриб нотўғри санаш эса 3 йилгача панжара ортига "элтиши" мумкин
Бировнинг номидан овоз беришга шароит яратиб берган комиссия аъзосига жарима белгиланди. Қонунчиликдаги ушбу ўзгартиш "оилавий" овоз бериш ҳолларининг олдини олишга хизмат қилади.
Зотан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 51-10 ва 51-11-моддалар билан тўлдирилди. Унга кўра, сайлов бюллетенларини бериш тартибини бузиш учун жавобгарлик белгиланди.
Яъни, бир неча марта ёки бошқа шахслар номидан овоз бериш учун сайлов бюллетенларини берган сайлов (ёки референдум) комиссияси аъзосига нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача миқдорида жарима солинади.
Сайловга ажратилган маблағларнинг мақсадли ва тўғри сарфланишини назорат қилиш мақсадида Марказий сайлов комиссиясига сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари тўғрисидаги оралиқ ёки якуний ҳисоботни тақдим этмаган ёки ўз вақтида тақдим этмаган, била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этган сиёсий партия мансабдори БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорида жаримага тортилиши белгиланди.
Шунингдек, жиноят кодексининг "Сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш" моддасининг диспозицияси янги таҳрирда баён этилди.
Мазкур моддага кўра овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ёки референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов (овоз бериш) бюллетенларига ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни била туриб нотўғри санаш учун эса БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланади.
Қайд қилинган ҳолат 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши ҳам мумкин.
Фурқат АНАРОВ,
фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.