Энди пахтачилик ҳамширалар масофадан туриб касб малакасини оширади

Пахтачи тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли тиббиёт муассасаларининг ўрта тиббий ходимлари масофадан инновацион ўқитилиб, касб маҳоратларини оширишлари мумкин бўлади.

Бу ҳақда тумандаги Деҳқонобод қишлоқ оилавий поликлиникасида Ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш маркази вилоят филиали вакиллари иштирокида бўлиб ўтган семинарда айтилди.

- Замонавий тиббиётдаги содир бўлаётган энг сўнгги янгиликлар, кашфиёт ва ўзгаришлардан соҳада меҳнат қилаётган барча тиббий ходимлар хабардор бўлишлари лозим, - дейди Ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш маркази вилоят филиали директори Ҳасан Эгамов. – Шунингдек, улар тизимдаги ислоҳотлар, амалга киритилаётган янги тартиб-қоидалар билан танишиш баробарида ўз касбий тажрибаларини ҳам ошириб боришади. Пахтачи - вилоятимизнинг энг чекка туманларидан бўлгани сабабли ҳамшираларнинг вилоят марказига бориб бир ой давомида ўқиб, малакаларини оширишлари анча қийинчилик туғдиради. Шуни эътиборга олиб улар учун масофадан туриб инновацион ўқишни ташкил қилишни режалаштирганмиз.

Пахтачилик ҳамширалар май ойидан бошлаб масофадан ўз малакасини оширишлари мумкин.    

Дилмурод ТЎХТАЕВ.