Энди ташкилотлар ўз ходимини пенсияга чиқишида барча ҳужжатларини тайёрлаб беради
Қонунчиликка мувофиқ пенсияга чиқиш учун зарур бўлган ҳужжатлар тўпламини йиғиш масъулияти фуқаро ишлаётган ташкилот зиммасига юклатилган, деб хабар бермоқда ҳуқуқий ахборот канали.
Бунинг учун:
♦ ташкилот маъмурияти ҳар йили декабрь ойида шахсий варақчалар ва меҳнат дафтарчалари асосида кейинги йилда ҳам умумий, ҳам имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладиган ходимлар рўйхатини тузади;
♦ рўйхатга киритилган ходимларга нисбатан ташкилот маъмурияти пенсия тайинлаш учун ҳужжатларни олдиндан тайёрлашга киришади. Зарур бўлганда ташкилот маъмурияти етишмаётган ҳужжатларни сўраб олиш чораларини кўриши керак;
♦ ташкилот маъмурияти тўпланган барча ҳужжатлар асосида пенсия тайинлаш учун тақдимномани расмийлаштиради.
Ташкилот ходими пенсия ёшига етган кундан кечиктирмай унинг пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлганлигини билдиришга мажбур.
Агарда ходим пенсия тайинлаш тўғрисида ариза берган тақдирда ташкилот маъмурияти мазкур ариза рўйхатга олинган вақтдан бошлаб 10 кун мобайнида зарур ҳужжатларни ва тақдимномани тўлиқ расмийлаштиради ва ариза берувчини улар билан (тақдимномага имзо қўйдирган ҳолда) таништиради.
Ҳужжатлар ва тақдимнома ташкилот томонидан ходимнинг аризаси билан бирга ариза берувчининг яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига юборилади.