Энг муносиб ўғлонлар муддатли ҳарбий хизматга йўл олади
Самарқанд гарнизонида муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақирувни самарали ташкил этиш мақсадида Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ва Миллий гвардия вакиллари таркибида Раҳбарият кенгаши ва ҳарбий тиббий комиссия тузилган.
Айни вақтда Раҳбарият кенгаши томонидан ҳар бир чақирилувчини қўшин турларига тайинлаш, тегишли идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик ишлари олиб бориляпти.
Жумладан, миллий армиямиз сафларида йигитлик бурчини адо этишни мақсад қилган йигитлар Самарқанд вилояти мудофаа ишлар бошқармасида якуний ҳарбий тиббий кўрикдан ўтказилиб, муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун тегишли қўшин турларига қараб сараланмоқда.
Хусусан, чақирилувчилар барча меъёрларга амал қилинган ҳолда тиббий текширувдан ўтиб, Ватан ҳимояси борасидаги ҳарбий хизматга шайланяпти. Бу каби қатъий назорат ва ҳамжиҳатликда олиб борилаётган ишлар армияга энг сара ўғлонлар чақирилишини кафолатлайди.