«Энг яхши китобхон мактаб» ғолиблик жомбойликларга насиб этди

Вилоят болалар кутубхонасида “Йилнинг энг яхши китобхон мактаби” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ҳар бир туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 16 та мактаб жамоалари китобхонликни тарғиб қилиш ҳамда олиб борилаётган ишлари бўйича ўзаро баҳслашдилар. Танлов якунига кўра, Жомбой туманидаги 46-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси ғолибликни эгаллаб, республика босқичига йўлланма олди.
- Жамоамизнинг чиқишларида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг барча жиҳатлари кенг қамраб олинган эди, - дейди 46-мактаб директорининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилсўз Қаршиева. – Айниқса, мактабимизда ташкил этилган «Актёрлик лойиҳаси» туман мактаблари ўртасида оммалаштирилди. Бундан ташқари, доимий ўтказиб келинаётган “Китобхон оила”, “Энг яхши китобхон ўқувчи”, “Китоб лото”, “Бир фарзандга уч китоб” сингари мунтазам ўтказиб келинаётган тадбирларимиз ўқувчиларнинг китобга меҳрини ошириб, ижобий натижаларга замин бўлмоқда.
Танловнинг иккинчи ўрни Иштихон туман 1-ИДУМ ўқувчиларига насиб қилган бўлса, 3-ўринни Самарқанд туманидаги 2-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг ёш китобсеварлари қўлга киритди.
Ориф Холиқулов.