Ер сотишнинг уволи ёмон
Ўтган ҳафтада оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган Самарқанд вилоятида айрим ўрта бўғин раҳбарларининг ер сотиш билан боғлиқ жиноятларга алоқадорлиги ҳақидаги ахборотга аҳоли томонидан жуда кўп муносабатлар билдирилди. 28 май куни давлат раҳбари ҳам бундай аҳвол олиб борилаётган ислоҳотларимизга мутлақо тўғри келмаслигини таъкидлади.
Шу сабабли Самарқанд тумани ҳокимлигида бўлган йиғилишда вилоят ҳокими Э.Турдимов бундай нохуш ҳолатга сиёсий ва ижтимоий баҳо берди.
- Раҳбарнинг нопоклиги, аввало, унинг ўзи ва оиласи шаънига путур етказади, қолаверса, бу иш одамларнинг норозилигига сабаб бўлади, - деди вилоят ҳокими. -
Ёмони шундаки, бундай кўринишларга қарши туман зиёлилари, депутатлар жиддий муносабат билдирмаяпти. Ваҳоланки, кейинги йилларда туманда ер сотиш билан боғлиқ ўнлаб жиноятлар, қонунбузарликлар аниқланган. Маҳалла оқсоқоли ҳам, участка нозири ҳам, ерга масъул инспекциялар ҳам кўз ўнгида бўлаётган воқеаларга бефарқ қарашган.
- Биз муҳокама қилаётган, ҳозирда эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган фермер хўжалиги бошлиғи бир ой олдин туманда коррупцияга қарши кураш бўйича ўтказилган йиғилишда ҳалоллик ҳақида барчага «сабоқ» берган, - дейди вилоят прокурори Р.Машарипов. – Туман кенгаши депутати энди ўзи ақл ўргатган ҳамкасблари, сафдошлари, бола-чақаси юзига қандай қарайди? У ўз фермер хўжалигига қарашли ерни 28 минг АҚШ доллари эвазига бошқа шахсга сотмоқчи бўлганда қўлга олинди.
Йиғилишда комиссия аъзолари, туман жамоатчилиги вакиллари ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Ўрганишлар шуни кўрсатдики, ҳокимлик, маъмурий идоралар мутасаддилари, маҳалла оқсоқоллари, депутатлар ноқонуний қурилишлар, ердан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ҳолатларига ўз вақтида чора кўрмаган, эътироз билдирмаган. Бугунги кунда ҳам иссиқхона фаолиятини йўлга қўйиш учун ер майдони олиб, уни бироз муддатдан сўнг уй-жой қуриш ёки бошқа мақсадда сотиб юбориш ҳолатлари мавжуд. Канал ва сой бўйларида балиқчилик хўжаликлари ташкил қилган айрим шахслар сув йўлларидан шағал олиб, балиқчилик хўжалигини мутлақо юритмаган. Соҳага оид назорат инспекциялари вакиллари эса томошабин вазифасини ўташяпти.
Йиғилишда туман ҳокимлиги, секторлар, ташкилотлар раҳбарларига, депутатларга жиддий эътироз билдирилди. Айниқса, фермер хўжаликлари қатъий огоҳлантирилди: энди ўз ҳудудидаги ердан бошқа мақсадда фойдаланганлик учун улар шахсан жавоб берадилар.
Йиғилиш сўнгида якдил хулосага келинди: порахўрлик, коррупция мамлакатимизда олиб борилаётган шиддатли ислоҳотларга мутлақо тўғри келмайди. Унга қарши курашмасликнинг ўзи ҳам жиноят. Қолаверса, ер сотишнинг уволи ёмон.
Фармон Тошев.