Мутолаа: Илик ёки замонавий Шум бола. Ҳажвия
Ҳазратнинг ваъдаси-ю, Омоннинг гапига кириб ўликни ҳовузда «ювганимиз»дан бери ўзимни ўзим койиб яшайман. Шунақа ҳам бесавод бўламанми?! «Алиф»ни «калтак» деб ўқиганимдан кейин мени ким ҳам ўзига яқин оларди.
Илмнинг ёмбисини, гапнинг ёғлисини билгичга ҳамма замонда давранинг тўрини беришган. Мен бўлсам, ҳамон Бой отанинг эшигида бир бўлак суви қочган нон-у кийик ўтидан дамланган чой билан умрим ўтяпти. Агар Омон шаҳарга бориб келгач, кўрган-кечирганларини айтиб бермаганида мен ҳали ҳам ўқишни фақат хаёлда тугиб юраверарканман. Лекин ўқишнинг ҳам ўзи бўлмайди. Бу ёғини кейин айтиб бераман...
Хуллас, Омон ўз кўзи билан кўрганми ёки эл-улуснинг орасида юрган гапни менга ўзини қаҳрамон қилиб кўрсатиб гапирдими, билмайман, ўша «Ж» ва «М» воқеасига гувоҳ бўлганини айтиб берди.
- Шаҳарга кириб борганимда итдай оч эдим. Бировдан нон сўрашга орим қўймади, иш сўрашга - ҳолим. Оёғимни судраб борарканман, мусиқа овози эшитилиб қолди. Ўша томон юрдим. Ҳайбати нақ мадрасадай келадиган тўйхонага одамлар кириб кетишаётган экан. Аввалига иккиландим, кейин «минг чоғли одамнинг орасидан мени танирмиди», деб тўдага қўшилиб кетдим.
Воҳ! Айтсам ишонмайсан. Ўзимни Сусамбилга келиб қолган эшшакдай ҳис қилдим. Ўтнинг бўлиғи, сутнинг қуюғи деб еяверибман, еяверибман. Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Тўйхонадан тўйиб, ҳеч кимнинг назарига йўлиқмай чиқдим-у, балога йўлиқдим. Ичбуруғ бўлдим-ов, деб чор тарафга зир чопдим. Яхшиям, яхшилар бор. Нақ пешанамда турган ҳожатхонани излаб юрганимни кўриб, мийиғида кулиб қўйди-ю, «мана шу» деб кўрсатиб қўйди. Э, Қоравой, саводим бўлса шундай изза бўлармидим. Асло!
Иззанинг ёмони кейин бўлди. Бир аёл «М» деб ёзилган эшикка кириб кетди.
- Саводинг бўлмаса, «М» деб ёзилганини қаердан била қолдинг?
- Бўрибойваччанинг резина шиппагини эсла. Устида шунақа ёзуви бор эди. «Қаранглар, «М» деб атай ёздириб келдим. Бу «меники дегани», деган эди.
- Ҳа, эсладим. «Мен кийсам, «меники» дегани бўларкан-да» дегандим. Кейин-чи?
- Кейин мен капалакнинг расмига ўхшаган белги турганига кириб бордим. Бир аёл шарт йўлимни тўсди. Биб-бинойи аёл. Оқпошшонинг тилида бир нималар деди. Ўлай агар тушунган бўлсам. Кифтимни қисдим. «Эркакларники у эшик», деди кейин ўзимизнинг тилда. «Бир аёл кириб кетди-ку у ёққа», дедим. У бирбалошитса экан...
Омоннинг гапидан англадимки, анча дилхира ишлар бўлибди. Устидан кулай дедим-у, «иштони йўқ, иштони йиртиққа кулган экан», дегандек бўлмасин деб индамадим. Дардим ичимда. Мен-ку тўртта ҳарфни қўшиб ўқиб кета оламан, лекин бу саводни гуллаганини билдирмайди-да. Оқпошшонинг тилини билмасам, Бой отанинг сақлаб қўядиган пулларини ўқийдиган тилни билмасам, мен қанақа одам бўлдим.
- Бой ота, - дедим тушлик қилаётганида олдига бориб (Бошқа вақти борсангиз, «Нега ишда эмассан?» деб хуноб қилади-да).
- Гапир, - деди қўлидаги иликни қоқаркан. - Яна қаерга ўт кетди?
- Э, Бой ота, бу сафар юрагимга ўт кетди.
- Битта-яримни севиб қолдингми? - Бой ота ўзи топган саволдан ўзи хих-хих қилиб кулиб юборди.
- Йўқ... ўқисамми дегандим.
- Сенми?
- Ҳа.
- Тарашадек ақлинг билан қандай ўқимоқчисан?
- Тайёрланаман. Қўшнингиз Саримсоқ амакининг қизига ўхшаб репетиторга бораман.
- Иннайкейин-чи?
- Ўқишга кираман.
- Иннайкейин-чи?
- Ўқиб, зиёли бўламан. Тил ўрганаман. Хорижга чиқиб, сизга ҳамкорлар топаман.
- Иннайкейин-чи?
- Сиз янаям бой бўлиб кетасиз, Бой ота. Давлатингиз зиёда бўлади.
- Айтяпман-ку, ақлинг тараша деб. Биласанми, битта репетиторга қанча пул бериш кераклигини?
- Биламан, Бой ота, икки ойлигимни.
- Билсанг, чаманда гул очилмасин, уқдингми? - Бой ота бармоқларини букиб, ғунча қилди. - Жуда ҳам ўқигинг келса, ана, мактабга бор. Саводингни қайтадан чиқар. Иннайкейин, бола, битта репетитор билан ўқишга кириб бўлмайди. Бўрибойваччага ўхшаб учтага боришинг керак.
- Унда Бўрибойваччангиз ҳам мактабда ўқийверса бўлмайдими? Репетиторга пул сафламасдингиз.
- Ҳов, итвачча, иштаҳамга туз сепгунча, ачиган миянгни ишлат. Тасвирий санъатни битирган бола инглиз тилидан, «Обштехника»ни тамомлаган химия-биологиядан дарс бераётган мактабда ўқиётган боламга репетитор ёлламай, сени ёллайинми?
Бой ота шу гапи билан менинг ҳам иштаҳамга туз сепди. У тузлар юрагимгача бориб етди. Онам қалпоғим остидаги тухумни ўқлов билан чақиб қўйганида ўғирлик қилганимдан виждоним қийналиб, уйимни тарк этган эдим. Энди баъзи мактаблардаги ўнлаб болаларнинг саводи ҳаминқадар бўлишини ўйлаб, қийналган виждоним билан қишлоқни тарк этайми? Дод дейин десам, овозим чиқмайди. Бутун бошли қишлоқ уруғ-уруғчилик қилиб тўртга бўлиниб олган. Кимдир бошини бириктирса-ю, ўша мактабдан ўқиб чиқаётган йигит-қизларни олиб бориб, «Бизга шунақа кадрлар керак» деса... Олийгоҳлар ўрин ажратиб ўтирибди-ку! «Контракт бўлиб қолса-чи?» дейсизми? Эҳ! Ота-бобомиз уйларини ҳашар билан қурган-ку, тўғрими?
- Нега жим бўлиб қолдинг, гапирмайсанми?! - Бой отанинг саволи хаёлларимни тўзғитиб юборди.
- Нима дейин, Бой ота? Менинг ақлим тарашадек қотиб қолган. Ўқийман, тил ўрганаман, деб ҳазиллашдим.
- Ҳа-а, шунақа де. Унда нега келдинг?
- Илик ёғидан егим келувди. Шунақа кетаверсак, илигимиз қуриб қолади-да, Бой ота.
Шум боланинг мактубини Аслиддин МУСТАФО оққа кўчирди.