100 дан ортиқ Украина дронларининг Россияга ҳужуми. Трамп Путин билан тезда учрашмоқчи. Бангкокда мактаблар ёпилди
🔹 24 январга ўтар кечаси Украинанинг 100 дан ортиқ учувчисиз қурилмалари Россиянинг бир неча ҳудудига ҳужум қилди. Хусусан, ҳаво ҳужуми оқибатида Рязандаги нефтни қайта ишлаш заводи ва Новорижанская иссиқлик электр станцияси, ҳатто турар-жой биносида портлаш ва катта ёнғин содир бўлган.
🔹 Калифорния ҳукумати ёнғинларга қарши курашиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш учун 2,5 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратди.
🔹 Беларусь президенти Александр Лукашенко 7-муддатга ўз номзодини қўйди. Сайловлар якшанба куни бўлиб ўтади. 2020 йилги сайловда у 80 фоиз овоз билан ғолиб бўлган ва бу бир неча ойлик оммавий норозилик намойишлари бўлишига олиб келган эди. "Бу сафар Лукашенко намойишчилар кўчага чиқмайди, деган умидда сайловларни иссиқ августдан совуқ январга қолдирди", деб ёзади Euronews.
🔹 АҚШ президенти Доналд Трамп Россия президенти Владимир Путин билан дарҳол учрашмоқчи. Шунингдек, Трамп Владимир Зеленский унга Украина можаросини тугатиш бўйича битим тузишга тайёрлигини айтганини журналистларга маълум қилди. Россия эса АҚШ билан ядровий қуролсизланиш бўйича музокараларни қайта бошлашга ён босмоқда. "Биз (АҚШ билан) гаплашишимиз керак, аммо вақт катта даражада бой берилди", деб ҳисоблайди Песков.
🔹 Кейинги кунларда Ғазо секторига гуманитар ёрдам юкланган 3 мингдан ортиқ юк машинаси етиб келди. Гуманитар ёрдам етказилиши Қатар, АҚШ ва Миср воситачилигида тузилган сулҳ туфайли амалга оширилмоқда.
🔹 Бангкокда ҳавонинг кучли ифлосланиши сабабли 31 тумандаги 352 та мактаб ёпилди. Шаҳарнинг 50 та туманидан 48 тасида соғлиқ учун хавфли “қизил” даража эълон қилинган. Бангкок ҳаво ифлосланиши бўйича дунёда тўртинчи ўринда туради.
🔹 Сурияда Асад Башар даврида гуллаб-яшнаган йирик наркотик омбори ёқиб юборилди. Махсус операция давомида 15 тоннага яқин гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришга мўлжалланган катта миқдордаги кимёвий хомашё ҳам йўқ қилинди.
🔹 Доналд Трамп XX асрда АҚШда содир этилган энг шов-шувли учта сиёсий қотиллик: Жон Кеннеди, Роберт Кеннеди ва Мартин Лютер Кингга оид ҳужжатларни махфийликдан чиқаришни буюрди.
🔹 Дунёдаги энг катта айсберг - "А23а" Британиянинг Жанубий Жоржия оролига яқинлашмоқда. Муз палахсаси қуруқликдан атиги 280 километрда. Олимларнинг огоҳлантиришича, тўқнашув жиддий экологик муаммоларни келтириши, жумладан, ҳудудда кўпаядиган пингвин ва тюлень каби ёввойи ҳайвонларнинг озиқланиш жойини бузиши мумкин.
Гулнора Холдорова тайёрлади.