Ер юзидаги энг оғир одам ким?
“Гиннеснинг рекордлар китоби”да ер юзининг энг оғир вазнли одамлари ҳақида маълумот келтирилган. Улардан бири Халид ибн Муҳсин Шаар. Мексикалик бу одамнингоғирлиги оз эмас-кўп эмас, нақд 610 килограмм.
Ҳозирда у Саудия Арабистонида яшайди. 2013 йилда қирол уни клиникада даволанишга буюрди ва уни ҳарбий самолётда олиб бориш, даволаш харажатларини ўз зиммасига олди. Икки марта операция қилингач, Халид 290 килограммга озди ва ўзи мустақил юра бошлади.
Хуан Педро Франко ҳам мексикалик. Лекин у Халидга қараганда бироз енгил - 600 килограмм. Уни қандай қилиб семиргани номаълум. Биров “Ёшлигида автоҳалокатга учрагандан кейин шу балога гирифтор бўлган”, деса, бошқаси “Қандли диабет касаллигига чалиниб, семириб кетган”, дейди. Кейинчалик бечора Хуан 132 кг озди ва 453 кг.га тушди. У ошқозонини операция қилдириб, бир қисмини тиктириб ташлаган, жисмоний машқлар бажараётган бўлса-да ҳали эт ташлагани йўқ. У тўшакдан мустақил туриш ва кроватини тартибга келтиришни мақсад қилган...
Майра Розалес ҳам семизликда юқоридаги эркаклардан қолишмайди - оғирлиги 470 кг. У қаровсиз қолган болалари ҳақи, озишга қарор қилган ва 91 килограмм озган.
Техаслик Кеннет Брамли – 468 кг оғиррликка эга. У ҳар куни 30 минг калорияга тенг овқат еган ва семизликдан тўшакка михланиб қолган. У озишга аҳд қилиб, касалхонага бориш учун ўт ўчирувчиларни чақиришга тўғри келган. Гап шундаки, уни эшикдан чиқаришнинг иложи бўлмаган, ўт ўчирувчилар деворни бузиб, уни олиб чиқиб, машинага ортишган.
Австралиялик Андре Наср ҳам семизликда мақтанса арзийди, унинг оғирлиги «атиги» 468 кг. Иштаҳаси ҳам ёмон эмас. Унча-бунча овқатга тўймайди. Бечорага раҳми келган ҳукумат бу еб тўймасга махсус даволаш курси белгилаган. Ҳайрият, у оза бошлаган ва 200 кг эт ташлаган, бу билан у чекланиб қолмоқчи эмас. Даволаш давом этяпти.
Катрина Рейфорд болалигида зўравонлик қурбони бўлган, оғир изтироб туфайли ҳатто руҳий хасталиклар клиникасида ётган. Организмда модда алманишуви бузилиб, бечора қиз овқатланганда қанча ва нима еганлигини ҳам ҳис қилмай қўйган. Оқибатда 454килограмм вазнга эга бўлган.
Пол Мейсон Буюк Британияда яшайди. Кўп йил у дунёда энг семиз одам ҳисобланиб келганди. Унинг оғирлиги 445 килограмм бўлиб, иштаҳаси ҳам шунга яраша эди. Нонуштага 40 қадоқ картошка чипс (нон, колбаса, тухумдан ташқари)ни паққос туширган, ҳар куни 20 плита шоколадни эрмак қилган. Мамлакат соғлиқни сақлаш ташкилоти ўзини ўзи эплай олмай қолган эркакка раҳми келиб, моддий ёрдам, тиббий ҳамшира, ўрнидан қўзғалишига ёрдамлашиш учун кўтарма мослама ажратган. Негаки, у сўққабош бўлиб, қаровчисиз эди.
“Гиннеснинг рекордлар китоби”дан ўрин олган америкалик Терри Смит болалигида думбоққина қизча эди. Кейинчалик тез семира бошлади: 20 ёшида - 100 кг, турмушга чиқиб фарзандли бўлганида 326 килограммвазнга етди. У ўзини кўп ёмон ҳис қилади, боши оғрийди, уни шифокорлар МРТда текшириб кўришмоқчи бўлганда Терри аппаратга сиғмади. ОАВда ҳозирча унинг тақдирибўйича бошқа хабарлар йўқ.
Ер юзида энг оғир вазнли одамлар ўнлигидан америкалик Донна Симпсон - вазни 300 кг, Кабардин - Болқор республикасидан (Россия) Жанбўлат Хатахов ҳам ўрин олган. Жанбўлат бир ёшида 17, 3 ёшида 48, 7 ёшида 100 килограмм бўлган. 17 ёшида 230 кг вазнга эга ўспиринни Сумо Федирацияси тўгаракка таклиф қилган, Жанбўлат ҳақида «Дунёдаги энг улкан бола» фильми суратга олинган.
Тоғаймурод Шомуродов тайёрлади.