Ер юзидаги энг қуруқ иқлим қаерда? Энг нам иқлим-чи?
Ажабланарлиси, ер юзидаги энг нам ва энг қуруқ жойлар бир-бирига туташ бўлиб, Жанубий Америкада тоғ тизмасининг қарама-қарши томонларида жойлашган.
Тахминан 10 миллион йил муқаддам Жанубий Америка қитъасини ларзага келтира бошлаган вулқон отилишлари шу кунгача давом этмоқда. Ер қобиғининг тубидаги қўзғалишлар таъсири остида Ердаги энг узун тоғ тизмаси – Анд бутун материк бўйлаб кўтарилди. Тоғлар 8 минг километрга чўзилган. Чўққилари шу қадар баландки, ҳатто экваторда ҳам уларни қор ва муз қоплаб туради.
Ҳар йили буюк Амазон дарёси қирғоқларидан тошиб, Англия катталигидаги ўрмонларни сув босади. Тошқин авжида дарахтлар 10 метргача сувга ботиб қолиши мумкин.
Амазон ва унинг ирмоқлари Ердаги энг катта тропик ўрмонларни суғоради. Амазония ўрмони Анд ва Атлантика оралиғидаги майдонни гилам каби буткул қоплаган ва ер юзидаги энг нам жой ҳисобланади.
Амазония Анд тоғларининг шарқида жойлашган бўлиб, кучли тропик ёмғир ўрмон устига тушиб, уни сув билан озиқлантиради. Тоғлар Шарқдан намликни олиб ўтувчи шамолларга тўсиқ бўлиб хизмат қилади, шу сабаб тоғларнинг Ғарбий қисмида бир томчи ҳам ёмғир ёғмайдиган жойлар мавжуд.
Шу ерда дунёдаги энг қурғоқ чўл – Атакама жойлашган. Бу тоғлар ва Тинч океани орасидаги тоғ чизиғи. Атакамада бир неча йил давомида ёмғир ёғмаслиги мумкин ва намлик даражаси нолга тенг. Бу ерда қандай қилиб жон сақлашни тасаввур қилиш қийин, лекин кимдир бунинг уддасидан чиқмоқда. Чўл учун ҳаёт гарови - Тинч океанидир. Ҳар куни эрталаб океандан саҳро устига туман кўрпаси ёзилади. Туман чўлдаги деярли ягона сув манбаи. Эрта тонгда бу намлик кактусларнинг тиканларида ва уларда ўсадиган замбуруғларда тўпланиб сувга айланади. Бу сув Атакаманинг курашувчан аҳолиси учун ягона ҳаёт берувчи суюқликдир. Чўлда бошқа сув йўқ.
Атакамада сайёрадаги энг ғайриоддий жойлардан бири – Ой водийси жойлашган. Бу жой бир неча миллион йил олдин яқин атрофдаги вулқон отилиши сабабли тарқалган туз, қум ва тошларнинг ноёб шаклланиши туфайли Ой юзасига ўхшайди. Водийда ранг-баранг завқ бағишлайдиган ҳайратланарли жонсиз манзараларни ва ғаройиб гўзаллик билан қуёш ботишини кузатиш мумкин. Айнан шу ерда кўплаб илмий-фантастик фильмлар суратга олинган.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.