Эрдўған Нетаняҳуни Гитлер ва Сталинга тенглаштирди
Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 9 март куни Истанбулда бўлиб ўтган Фанни тарғиб қилиш жамғармаси Бош ассамблеясининг 53-конгрессида айтиб ўтган.
Туркия раҳбари 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо секторида геноцидда айбланган Исроилнинг ҳужумлари оқибатида 32 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлганини, 72 мингдан зиёди яраланганини эслатди. Эрдўған қарийб 2 миллиард кишилик мусулмон давлатлари Фаластин халқи олдидаги биродарлик бурчини тўғри маънода бажармаганидан афсусда эканини билдирган.
"Ғазо секторида содир этилган инсониятга қарши жиноятлар билан Нетаньяху ва унинг жамоаси ўз исмларини давримизнинг нацистлари сифатида Гитлер, Муссолини ва Сталин номларига боғлади", деб таъкидлаган Эрдўған.
Туркия раҳбари Анқаранинг Фаластин анклавига гуманитар ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатларига эътибор қаратган. Эрдўғаннинг сўзларига кўра, 2023 йил 7 октябрдан бери Туркия Ғазо сектори аҳолисига 40 минг тонна гуманитар ёрдам жўнатган бўлиб, улар жами 19 та рейс ва 7 та фуқаролик кемалари орқали амалга оширилган.