Эркин иқтисодий зонада 4,3 мингдан зиёд киши даромадли иш билан банд

2017 йилда “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг ташкил этилиши вилоятнинг иқтисодий имкониятларини янада кенгайтирди.

Бугунги кунда “Ургут” эркин иқтисодий зонасида қиймати 402 миллион доллардан зиёд 84 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шу пайтгача 313 миллион долларлик 55 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, ҳудудда бир қатор саноат корхоналари иш бошлади ва уларда 4300 нафардан ортиқ киши даромад манбаига эга бўлди.

Ушбу корхоналар томонидан газ плиталари, енгил саноат ва чарм-пойабзал товарлари, гиламлар, гигиена воситалари, электр техникаси буюмлари каби 220 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. 2020 йилда 1,2 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланиб, 30 миллион долларлик экспорт қилинди.

Қурилиш материаллари саноатида мавжуд табиий ресурслар захирасидан самарали фойдаланиш ҳисобига 2017-2021 йиллар давомида вилоятда цемент ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилди. Натижада бугунги кунда йилига 660 минг тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган 4 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Шу йил якунигача улар сафига яна иккита шундай корхона қўшилади.