2021 йил Самарқанд ҳаётида: “Ургут” эркин иқтисодий зонаси кенгайтирилди
Давлатимиз раҳбари 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида “Ургут” эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан танишди ва Ургут туманини тўлиқ эркин иқтисодий зонага айлантириш, вилоятнинг барча ҳудудларида ушбу иқтисодий зонанинг филиалларини ташкил этиш, холдинг компанияси тузиш бўйича кўрсатма берди.
Иқтисодий зонада шу пайтгача 286,3 миллион долларлик 60 та лойиҳа амалга оширилди. 2021 йилнинг ўн бир ойида 2 триллион 20 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 57 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилди. Яна 36 та лойиҳа бўйича қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 4 ноябрда имзоланган “Ургут” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, вилоятнинг 14 та туман (шаҳар)идаги 18 та массивда 559,8 гектар ва Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан 21 гектар ер майдони ажратиб берилиб, иқтисодий зонанинг умумий ер майдони 1842 гектарга етди.