“Ургут” эркин иқтисодий зонасида “Coca-cola” ишлаб чиқарилади
Бу ҳақда Самарқанд вилоятида саноатни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларга бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Вилоят ҳокимлиги вакили Ғайрат Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, бугунги кунда Самарқандда 8239 та саноат корхонаси фаолият юритмоқда ва уларда 65 минг нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. Жумладан, енгил саноатда 1155 та, электротехника саноатида 52 та, чарм-пойабзал саноатида 126 та корхона ишлаб турибди.
2021 йилда ҳудудий дастур ва дастурдан ташқари инвестиция лойиҳалари доирасида умумий қиймати 2,3 миллиард сўмлик 427 та саноат лойиҳаси ишга туширилиб, 4632 та иш ўринлари яратилган. Йил давомида саноат корхоналари томонидан 22 803,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чикарилган ҳамда 283,3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Жорий йилда эса умумий қиймати 3,3 миллиард сўмлик 242 та лойиҳа ишга туширилиши ва 6 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш режалаштирилган бўлиб, йилнинг биринчи чорагида 18 та саноат корхонаси ишга туширилди.
Вилоятда саноатни ривожлантиришда “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ва кичик саноат зоналаридаги корхоналар фаолияти муҳим аҳамиятга эга.
– “Ургут” эркин иқтисодий зонасида 2017-2021 йилларда умумий қиймати 302,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 63 та лойиҳа ишга туширилиб, 4 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди, – дейди “Ургут” эркин иқтисодий зонаси директори ўринбосари Абдуғаффор Мадаров. – Мазкур корхоналар томонидан 2022 йилнинг январ-апрель ойларида 1 298,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 29 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорти амалга оширилди. Давлат бюджетига 108,1 миллиард сўм солиқ ва бошқа тўловлар амалга оширилди. Ҳозирда умумий қиймати 318,2 миллион долларлик 42 та лойиҳада қурилиш монтаж-ишлари олиб борилаётган бўлиб, 2022 йил якунига қадар қиймати 19 та лойиҳа ишга туширилади ва 1600 кишининг бандлиги таъминланади.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 4 ноябрдаги “Ургут” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида иқтисодий зонамизга вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларидан 559,8 гектар ва Сурхондарё вилоятининг Денов туманида 21 гектар, жами 580,8 гектар ер майдони ажратилди. Айни пайтда мазкур ҳудудларнинг муҳандислик коммуникация тизимларини яратиш ишлари амалга оширилмоқда. Ўз навбатида лойиҳалар кўриб чиқилиб, тасдиқланмоқда. Жумладан, Жомбой туманидаги филиалимизда 78 миллион доллар хорижий инвестиция киритилиб, “Coca-cola” ичимлигини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Деновда ҳам ҳозирда тўртта лойиҳа бўйича, жумладан, электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича ишлар бошланди.
Умуман, 2023-2026 йилларда янги ҳудудларда 1,7 миллиард долларлик 410 та, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришга йўналтирилган инвестиция лойиҳалари пронози ишлаб чиқилган. Бунинг натижасида 25 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилади.
Матбуот анжуманида бугунги кунда вилоятдаги 111 та кичик саноат зонасининг 26 таси тўлақонли фаолият кўрсатаётгани қайд этилди. 85 та зонада эса муҳандислик-коммуникация тармоқларини яратиш бўйича лойиҳа-смета хужжатлари ишлаб чиқилган бўлиб, йил охирига қадар қурилиш ишлари бошланиши кутилмоқда.
– 2017-2022 йилларда вилоятимиздаги кичик саноат зоналарида 96 та лойиҳа ишга туширилиб, 2 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди, – дейди Самарқанд вилояти кичик саноат зоналари дирекцияси директори Анвар Юсупов. – Йил якунига қадар яна 98 та лойиҳа амалга оширилади. Бунинг учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. 2023-2026 йилларда эса лойиҳалар сони 870 тага, ишлаб чиқариш ҳажми 1 триллион 978 миллиард сўмга етказиш кўзда тутилган.
Матбуот анжумани иштирокчилари “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг “Мерганча” массивидаги саноат корхоналари фаолияти билан танишди.