Саноат зоналарини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш ҳолати таҳлил қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорларига асосан эркин иқтисодий зоналар, кичик саноат зоналари, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳамда йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш параметрлари тасдиқланган.

Вилоят ҳокимлигида ушбу ишларнинг амалга оширилиши билан боғлиқ ҳолатлар танқидий руҳда таҳлил этилди.

Муҳокамада Эркинжон Турдимов «Ягона буюртмачи хизмати» ДУК буюртмачилигидаги битта йўл ва «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ буюртмачилигидаги 9 та электр тармоқлари объектларида қурилиш ишлари якунланмаганлиги сабаблари билан қизиқди. Масъулларнинг ҳисоботини эшитди.

Муҳокама жараёнида айрим амалга оширилган ишлар сифатсиз бажарилганлиги танқид қилинди.

Хусусан, «Сувинжиниринг компанияси» буюртмаси асосида «Ургут» эркин иқтисодий зонаси «Хишрав-2» мавзесида амалга оширилган канализация тармоғи траншеясини қайта кўмилишида зичлаш ишлари сифатсиз бажарилиши оқибатида чўкиш ҳолатлари кузатилган, Кузатув қудуқларининг трубалар кесиб ўтиш жойларида гильзалар занглашга қарши махсус суюқлиқ билан ишлов берилмаган, кузатув қудуқларнинг 5 тасида битумлаш ишлари лойиҳадан четлашган ҳолда атиги 1 қават бажарилганлиги маълум қилинди.

Шу билан бир қаторда, ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланган кичик саноат зоналарида 31,8 гектар ер майдонларида жойлаштирилиши керак бўлган, 167 та ЛОТни аукцион савдосига чиқариш ишлари якунига етказилмаганлиги ҳам вилоят раҳбарининг эътирозига сабаб бўлди.

Якунда аниқ муддат билан масъулларга вазифалар юкланиб, натижаси 10 кундан сўнг такрорий равишда муҳокама этилиши белгиланди.