Ерларнинг иқтисодий қиймати белгиланиб, эркин муомалага чиқарилади

Бу амалиёт давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан жорий қилинмоқда.

Фармонга кўра, ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муомаласининг объекти сифатида эркин муомалага киритилади.

Яъни, 2021 йил 1 августдан ҳокимликларнинг ерга оид қуйидаги ваколатлари бекор қилинади:

- ерни тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш;

- туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан ерга бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш;

- суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш;

- жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш;

- хусусийлаштириладиган ерга нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш;

- қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқача тартибда ер участкаларини ажратишни назарда тутувчи барча тартиблар, имтиёз ва истиснолар.

Давлат ҳокимияти органларининг ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш тақиқланади.

Бундан ташқари, 2021 йил 1 августдан ер участкалари хусусий секторга – мулк ва ижара ҳуқуқи асосида (электрон онлайн-аукцион орқали), давлат ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.

Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади. Бунда илгари ажратилган ер участларига бўлган ҳуқуқлар сақланиб қолади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар очиқ электрон танлов орқали фақат ижара ҳуқуқи асосида, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида (барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан) ажратилади.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда ер участкалари давлат ташкилотига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади. Ушбу ерлар хусусий шерик, нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ижарага берилиши мумкин.

Кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси мулкдорларга умумий фойдаланиш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.

Вазирлар Маҳкамаси 2021 йил 1 августдан фақат қуйидаги ҳолларда ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага беришга ҳақли:

- давлат илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига – Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг таклифига асосан;

- агросаноат кластерларига – ер участкаси норматив қийматининг икки баравари миқдоридаги пул маблағи депозитга қўйилганда, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимининг таклифига асосан;

- энг яхши таклифни танлаш орқали аниқланадиган, қиймати камида 10 миллион АҚШ доллари эквивалентида (ер майдони ҳажмига кўра ортиб боради) бўлган йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун – лойиҳа қийматининг камида 10 фоизига тенг маблағ аввалдан махсус ҳисоб рақамга жойлаштирилганда;

- чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга – ижарага олиш ҳуқуқини олганлик учун бозор қийматида ҳақ тўлаган ҳолда (халқаро бирлашмалар ва ташкилотлардан ташқари).

Фармонга асосан “Ер тўғрисида”ги қонун бузилиши ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва жойларда ҳудудий кенгашлар (ишчи орган – прокуратура) ташкил этилди.

Кадастр органлари ердан мақсадсиз фойдаланишни аниқлаганда ушбу ерга бўлган ҳуқуқни бекор қилиш, ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш юзасидан тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, ер тоифасидан қатъий назар барча турдаги ер участкалари ҳамда бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни ҳамда ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва чора кўришнинг ҳуқуқий ва шаффоф механизмининг яратилиши ердан оқилона фойдаланиш имкониятини яратиб беради.

Баҳодир Қаршиев,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат бош юрисконсульти.