Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ерни ноқонуний ўзлаштирганларга 60 миллион сўм жарима белгиланди

Бўлимимиз ходимлари томонидан Ер кодекси ижроси бўйича ўтказилган мониторинг-таҳлил тадбирларида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, туманнинг Ўрай-Элипок маҳалласида яшовчи икки нафар фуқаро “Толиб Маматқул” фермер хўжалигига ижарага берилган 75 балл-бонитетли ер майдонининг 0,28 гектарини ўзбошимчалик билан эгаллаб, уй-жой қурган. Ер майдонини қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқариши оқибатида давлатга 30 миллион 868 минг 105 сўм зарар етказган. 

Шунингдек, туманнинг Навзандак маҳалласида яшовчи фуқаро Ш.Э. “Азизжон Худойшукуров боғлари” фермер хўжалиги тасарруфидаги ер майдонидан 0,11 гектар 75 балл бонитетли ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, уй-жой қурган ва давлатга 29 миллион 231 минг 160 сўм зарар етказган.

  Мазкур қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан бўлимимиз томонидан Тойлоқ туманлараро фуқаролик судига даъво аризаси киритилди. Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, жавобгарлар ҳисобидан давлат фойдасига 60 миллион 99 минг 265 сўм миқдорида етказилган зарар ҳамда 2 миллион 403 минг 970 сўм давлат божи ундирилиши белгиланди.

Фурқат Умиров,

“Ўзагроинспекция”нинг Тойлоқ тумани бўлими бошлиғи ўринбосари.