Ерни талон-торож қилганлар жазосини олади
Сайтимизда кеча – 23 февралда Самарқанд туманининг Хўжағунжойиш маҳалласи ҳудудидаги ўрмон хўжалигига қарашли ерларни ноқонуний эгаллаб олинаётгани хусусида «Ернинг уволи ҳам, қарғиши ҳам ёмон» мақоласини эълон қилган эдик.
Мақолада кўтарилган масала юзасидан Самарқанд тумани прокуратураси тезкорлик билан муносабат билдирди. Унда, жумладан шундай дейилади:
«Самарқанд тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 23-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги «Шаҳарсозлик фаолитини амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун ер участкаларини бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 146-сонли қарори талаблари бажарилишини ўрганиш мақсадида 2011 йилдан 2018 йилнинг 6 ойигача туман ҳудудига қарашли ўрмон хўжалигининг «Даҳбед» - 1-участкасидаги ер ҳолати текширилган. Ўрганишлар натижасида ушбу ҳудуддаги ўрмон фонди ерлари таркибидаги теракзор, ёнғоқзор, боғ ва кўчатхоналар ҳисобланган 51 балл бонитетли, жами 57,9 гектар ер майдони туман ҳокими қарори билан ноқонуний равишда фуқароларга ажратиб берилганлиги аниқланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан туман прокурори томонидан туман ҳокимининг барча ноқонуний қарорларига протест киритилиши таъминланиб, қарорлар бекор қилинган.
Бундан ташқари, мазкур ҳолатда «Самарқанд» давлат ўрмон хўжалиги, Самарқанд туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ҳамда туман ҳокимлиги мансабдор шахсларининг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжудлиги сабабли Жиноят Кодексининг 205-моддаси ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда».