Ернинг уволи ҳам, қарғиши ҳам ёмон

Самарқанд вилояти ҳокимлигига Самарқанд туманидаги Хўжағунжойиш маҳалласи ҳудудидаги ўрмон хўжалигига қарашли ўнлаб гектар ер майдонлари қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар томонидан талон-торож қилинаётганлиги ҳақида шикоят хати тушди.

Унда баён этилган ҳолатлар нечоғли ҳақиқат эканлигини билиш учун вилоят ҳокими Э.Турдимов ушбу маҳаллага келди.

Аниқланишича, маҳалла ҳудудида «Самарқанд» ўрмон хўжалигининг биринчи участкаси жойлашган бўлиб, бу ерда ўнлаб гектар ерлар айрим кимсалар томонидан йиллар давомида ноқонуний равишда эгаллаб олинган. Ер, мулк солиғи тўловларини деярли амалга оширмаган, электр энергияси, ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланиб келган.

Бу ерга на вилоятдан, на тумандан бирорта масъул киши келмаган, аҳволни ўрганмаган.

Масалан, шу маҳаллада яшовчи Азим Абдуллаев ўрмон хўжалигига қарашли ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, молхона қурган ва ҳеч қандай ҳужжатларсиз беш йилдан буён ўз манфаати йўлида фойдаланиб келган. Шу билан бирга у вилоят «Сувоқова» давлат корхонасининг «Даҳбед» сув иншоотига қарашли электр станциясига ноқонуний уланиб, электр токидан хоҳлаганича фойдаланиб келган. Бу ҳам етмаганидай, тоза ичимлик суви тармоғига ҳам ўзбошимчалик билан уланиб, кейинги уч йилда 41 миллион 300 минг сўмлик ичимлик сувдан фойдаланган, бунинг учун умуман тўлов қилмаган.

Айрим тадбиркорлар лимонарий, паррандачилик корхонаси ташкил этиш, айримлари эса ўрмон хўжалигини ривожлантириш, кўчат етиштириш ва кичик ўрмон яратиш мақсадида ер майдонларини аллақандай ғайриқонуний ҳужжатлар орқали олиб, ундан бошқа мақсадларда фойдаланган. Аммо ҳозирга қадар бир сўм ҳам солиқ тўлашмаган.

- Ҳар қандай тадбиркор ер майдонини фақат аукцион орқали сотиб олиши керак, - деди вилоят ҳокими бу ҳолатлар билан танишаркан. – Бу ерда қурилган барча ноқонуний қурилишлар, ҳужжатсиз иморатлар суд тартибида бузилиши лозим. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерлар қонуний тартиб асосида ҳужжатлаштирилиши, ундан фойдаланиш самараси, маҳсулот олиш, солиқ тўловларининг вақтида амалга оширилиши назоратга олиниши шарт.

Вилоят ҳокими бу ердаги ўзбошимчалик ҳолатларга барҳам бериш, «тадбиркор»ларга қонуний чора кўриш бўйича мутасадди ташкилот ҳамда Самарқанд туман ҳокимлиги сектор раҳбарларига аниқ топшириқлар берди.

Бизни бир савол қийнаб турибди: агар вилоят ҳокими шу ҳудудга ташриф буюрмаганида нафси бузуқ ноинсофлар бу ҳосилдор майдонларни қачонгача талон-торож қилардилар?!

Сайтимизни кузатиб боринг. Бу масала ечими ҳақида батафсил маълумот берамиз.