Эрон хотин-қизлар мактабларида оммавий заҳарланиш: Бу қандай содир бўлган?

Эронда ўтган йилнинг ноябрь ойидан бошлаб хотин-қизлар мактабларида кетма-кет заҳарланиш ҳолатлари кузатилди. Биринчи ҳолатлар Исфахон Технология университетидаги кўча намойишлари вақтида қайд этилган, кейин ўхшаш ҳолатлар бошқа университет ва мактабларда ҳам содир бўлган. Ўқиш бошланганидан буён олийгоҳ ва коллежларда жами 600 дан зиёд заҳарланиш ҳолати қайд этилган.

Сабаблари ҳали аниқ тушунтирилмаган заҳарланишдан жабр кўрган ўқувчиларда ланжлик, томоқ ачиши ва бош айланиши каби аломатлар бўлган.

Заҳарланиш дастлаб Қум шаҳрида қайд этилган. Бу Эроннинг аҳоли сони бўйича еттинчи йирик шаҳри бўлиб, у ерда миллиондан ортиқ одам яшайди. Кейин шунга ўхшаш ҳолатлар бошқа шаҳарларда ҳам кузатилган.

“Sharq” газетасига берган интервьюсида имом Муҳаммад Тақи Фозел Мейбодий “заҳарланишлар ортида “Хезарехгара” гуруҳи тургани ва “улар буни қасддан содир этган”, деган фикрни айтган. Консерватив диний гуруҳ қизлар фақат учинчи синфгача ўқиши ёки умуман мактабга бормаслиги керак деб ҳисоблайди.

Эрон ҳукумати заҳарланиш сабабларини яширяптими?
Аниқ маълумот бўлмаганлигидан оммавий заҳарланиш сабаби ҳақида тахминлар давом этмоқда.

Авж олган "сирли заҳарланиш" мактаб биноларига номаълум газ пуркалиши натижасида рўй бергани ҳақида маълумотлар тарқалди.

Исломий Кенгаш аъзоси Аҳмад Амирободи Фараҳонийнинг таълим вазирига иқтибос келтиришича, заҳарланиш манбаи мактаб иситиш тизимларида “аммиак гази” ютилиши бўлган. Таълим бўлими бошлиғи Юсуф Нури эса "Аммиак гази сабаб бўлганми, бошқами, текшириш имконига эга бўлмасак-да, бу воқеа юзасидан турли версиялар урчиб кетмоқда" дея таъкидлаган.

Жорий йилнинг 14 февралида Эрон ОАВ томонидан заҳарланиш аломатлари билан камида 117 нафар талаба Қумдаги касалхонага ётқизилган. Шу куни Теҳрондаги мактабларнинг бирида 30 га яқин ўқувчи заҳарлангани ҳақида хабар тарқалди. Таълим ходимларининг айтишича, “қизиқувчанлик” сабаб синфда “инсектицид пуркагич” сепилиши заҳарланишга олиб келган.