Эроннинг ядровий қуролдан воз кечиш бўйича таклифини Вашингтон қабул қилмаган
Эрон музокаралар давомида АҚШга Теҳроннинг ядровий қурол ишлаб чиқишга уринишлардан воз кечишини расман қайд этишни таклиф қилган. Аммо Вашингтон бу таклифни қабул қилмади. Бу ҳақда Ислом республикаси ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи маълум қилди.
“Эроннинг ядровий қуролдан тўлиқ воз кечиш ҳақидаги таклифи рад этилди. Чунки Америка томони техник жиҳатларни тушунмади”, деб ёзди у X ижтимоий тармоғида.
Эрон ва АҚШ ўртасида Теҳроннинг ядровий дастури атрофидаги вазиятни тартибга солиш бўйича учинчи раунд музокаралар 26 февраль куни Женева шаҳрида Умон воситачилигида бўлиб ўтди. Эрон делегациясига Арақчи бошчилик қилди. АҚШ томонини эса президентнинг махсус вакили Стивен Уиткофф ва тадбиркор Жаред Кушнер тақдим этди.
2 мартдан бошлаб Эрон ва АҚШ техник гуруҳлари Вена шаҳридаги Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) штаб-квартирасида маслаҳатлашувларни бошлаши керак эди.
2003 йилдан бери Эронда мамлакат олий раҳбари чиқарган фатво амал қилади. Унга кўра, ядровий қурол ишлаб чиқариш тақиқланган. Ислом республикаси раҳбарияти атом бомбасини яратиш нияти йўқлигини бир неча бор таъкидлаган.