Эрталаб қаерда бадантарбия билан шуғулланасиз, қаерда сайр қиласиз?

Коронавирус пандемияси сабаб тоза-озодаликка, тўғри овқатланишга, соғлом турмуш тарзига риоя қилишга эътиборимиз ошди. Кўпроқ жисмоний ҳаракат қилиш, спорт билан шуғулланишга одатландик. Мутахассисларнинг айтишича, ана шу омиллар туфайли бу йил турли юқумли касалликлар кескин камайибди.

Эътибор берсангиз, бугун истироҳат боғлари ва хиёбонларда ёки спорт майдонларида эрталаб ёки кечқурун сайрга чиқадиганлар, бадантарбия, спорт билан шуғулланадиганлар аввалгидан анча кўпайган (лекин бу инсонлар орасида катта ёшлилар кўпчилик). Буям одамларнинг саломатликка, соғлом ҳаёт кечиришга бефарқ эмаслигидан далолат беради.

– Яқинда коронавирусдан даволандим, Худога шукр, енгил кечди, – дейди эрталаб Самарқанд шаҳридаги марказий истироҳат боғида сайр қилаётган отахонлардан бири. – Дўхтир нафас машқлари билан шуғулланинг, эрталаб ва кечқурун сайр қилинг, деди. Бу ерда арча кўп, ҳавоси тоза, шунинг учун шу ерга келаман. Самарқанд шаҳридан оқиб ўтадиган катта канал ёки анҳор бўлмаса-да бир неча ариқлар бор, лекин атрофида юриб бўлмайди. Қани энди ўша жойларда сайр қилиш, спорт билан шуғулланиш учун шароит яратилса, жуда фойдали иш бўларди-да. Шаҳар ҳавоси ҳам анча тоза, мўътадил бўларди.

Ҳақиқатан ҳам, Самарқанд шаҳрида катта анҳорлар йўқ. Аммо Боғишамол, Сиёбча, Чашма, Шаар, Жар ариқ, Оби Машҳад сингари коллектор ва кичик ариқлар бор. Афсуски, йиллар давомида улар атрофи ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши, тартибсиз қурилишлар қилиниши оқибатида ирригация тизимлари кичрайиб, кўп жойлари ёпилиб кетди. Очиқ жойлари чиқиндихонага айланди, оқавалар шу ариқларга ўнглаб қўйилди. Бунинг оқибати нима бўлаётгани ҳам барчамизга маълум – кўпроқ ёмғир ёғса ариқлар атрофидаги уйларни, кўчалар сув босяпти ва бундан ўзимиз жабр кўряпмиз.

Кейинги пайтда шаҳарда бу каби коллектор ва ариқлар атрофини очиш, тозалаш, ноқонуний қурилмаларни бузиш ишлари олиб бориляпти. Аммо бу иш суст кечяпти. Ариқдагидан ташқари, унинг атрофида ҳам турли “тўсиқ” ва “ғовлар” учраяпти. Уларни олиб ташлаш учун анча вақт, маблағ сарфланаётгани, асаблар бузилаётгани ҳам сир эмас.

Гап бадантарбия, спорт билан шуғулланиш ҳақида кетганда тошкентлик дўстларимиз пойтахтдаги анҳорлар бўйида бунинг учун қулай шароит яратилганидан мақтаниб гапиришади. Йилнинг тўрт фаслида ҳам анҳор бўйида сайр қилиш, юриш, югуриш, спорт билан шуғулланиш мумкин. Қарши, Урганч, Гулистон, Жиззах, Фарғона шаҳарларидан ўтган канал ва дарё соҳиллари ҳам обод қилиниб, аҳоли ҳордиқ чиқариши, сайр қилиши учун имкониятлар яратилганини кўрганмиз. Самарқанд шаҳрида бундай шароит яратиш учун имкониятлар жуда кўп, аммо ҳозирча бунга ҳафсала етмаётгандек, назаримизда.

Шаҳардаги истироҳат боғлари ва хиёбонларда спорт билан шуғулланиш бурчаклари очилиши, спорт инвентарлари жойлаштирилиши югуриш ва велосипедда ҳаракатланиш учун йўлаклар ташкил этилиши ҳақида айтилганига ҳам бир неча йил бўлди. Аммо ҳали бу борада кўзга кўринарли иш бажарилмади. Алоҳида спорт-соғломлаштириш хиёбони ташкил этиш ҳақидаги ғоя ҳам ҳозирча ғоялигича турибди.

Бугун шаҳарда туризмни ривожлантириш, сайёҳлар учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш, замонавий хизматлар кўрсатиш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ана шу жараёнда спорт туризмига ҳам эътибор қаратилмоқда. Самарқандда халқаро марафонлар, спорт мусобақалари ўтказиш анъанага кирмоқда. Энди бундай тадбирларни ўтказиш учун замонавий спорт иншоотлар, хиёбонлар ва марафон учун махсус жойлар ҳам ташкил этилса, айни муддао бўларди.

Умуман, бугун одамлар спорт орқали соғлом турмуш тарзига одатланаётган экан, нафақат Самарқанд шаҳрида, балки туманлар марказларида ҳам спорт билан шуғулланиш учун шароит яратилса, махсус хиёбонлар ташкил этишга эътибор қаратилса, бу фақат яхшиликка хизмат қиларди.

Ғолиб Ҳасанов.