ЕТТБ президенти Одиль Рено-Бассо: “Самарқанд билан ҳамкорликни кенгайтириш ниятидамиз”
Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо бошчилигидаги делегация Самарқанд шаҳрида бўлди.
Меҳмонларни темир йўл вокзалида Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов кутиб олди. Шу ерда ўтказилган суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг мазкур нуфузли молия муассасаси билан ҳамкорлиги ривожланиб бораётгани таъкидланди. Жумладан, Самарқандда ЕТТБ кўмагида амалга оширилаётган лойиҳалар ва келгусида ҳамкорликда бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида сўз юритилди.
– Самарқандда замонавий инфратузилма яратиш, тадбиркорликни янада ривожлантириш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш ниятидамиз, – деди Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо. – “Яшил шаҳар” тизими бўйича Самарқанд шаҳрида илк бор янги лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Шаҳар аҳолиси ва сайёҳларга қулайликлар яратишга оид бошқа режаларимиз ҳам бор ва уларни биргаликда бажарамиз.
Маълумки, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 2023 йилги анжуманини Самарқанд шаҳрида ўтказиш режалаштирилган. Делегация аъзолари мазкур форум ўтказилиши режалаштирилаётган Самарқанд халқаро туристик марказидаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Ташриф давомида меҳмонлар шаҳарнинг диққатга сазовор масканларини томоша қилди.