Европа Тикланиш ва тараққиёт банки бош котиби Самарқанддаги Туристик марказ қурилиши лойиҳаси билан танишди

Европа Тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) бош котиби Энзо Кваттрочокке раҳбарлигидаги делегация аъзолари Самарқандга ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири Б.Зокиров, Транспорт вазири ўринбосари И.Маҳкамов, Ташқи савдо ва инвестиция вазири ўринбосари Ш.Вафоевлар билан учрашди.

Меҳмонлар Самарқанд эшкак эшиш канали ҳудудида барпо этилаётган туристик марказ, аэропорт, темир йўл вокзали, автовокзал, йўл қурилиши каби шаҳар транспорт логистикасини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳалар билан танишди. Мазкур делегация Самарқанд шаҳрида 2023 йилда бўлиб ўтадиган ЕТТБ бошқарув Кенгашининг анъанавий йиғилишини ўтказиш имкониятларини ҳам ўрганди.

Эслатиб ўтамиз, ЕТТБ халқаро молиявий ташкилот бўлиб, учта қитъада амалга оширилаётган лойиҳаларга ёрдам бериб келади. Асосан бозор талабларига тўлиқ жавоб бера олмайдиган хусусий сектор вакилларини янада ривожлантириш учун молиявий кўмак ажратади. Банк тадбиркорликни ривожлантириш, шаффоф ва очиқ бозор муносабатларини жорий этишни қўллаб-қувватлайди.