Самарқандда ўтадиган ЕТТБ йиғилишида қандай масалалар кўрилиши маълум қилинди
16-18 май кунлари Самарқандда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилиши бўлиб ўтади.
Бу йилги тадбирнинг асосий мавзуси “Иқтисодий чидамлилик ва барқарорликка инвестициялар киритиш”, деб номланди.
Тадбирда 73 давлатдан 2000 дан ортиқ меҳмонлар, жумладан, хорижий ҳукуматлар вакиллари, трансмиллий корпорациялар, халқаро молия институтлари ва банклари раҳбарлари, иқтисодиёт, инвестициялар, молия ва технологиялар соҳасидаги экспертлар, шунингдек, етакчи хорижий ОАВ вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Иқтисодиёт барқарорлигига инвестициялар киритиш масалалари тадбирнинг асосий мавзуси бўлади. Йиғилиш давомида Банкка аъзо мамлакатлар дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мавзуларига бағишланган панел мунозаралари ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
Тадбир шунингдек, ЕТТБга ўтган йил давомида эришган ютуқларини таҳлил қилиш ва режалар тузиш имкониятини беради.
Йиғилиш асосий тадбирларидан бири “Ўзбекистоннинг инвестициявий истиқболлари тўғрисида”ги сессия бўлади. Унда мамлакат иқтисодиётининг кутилаётган ўсиш суръатлари ва инвестицияларни жалб этиш имкониятлари муҳокама қилинади.
Тадбирнинг уч кунлик кун тартибидан экспертлар иштирокидаги турли мавзуларда, жумладан, минтақалар ва алоҳида мамлакатларга бағишланган бир қатор панел мунозаралари ҳам ўрин олган.
Улар қаторидан:
• халқаро савдо муносабатлари;
• энергия хавфсизлиги, қайта тикланадиган энергия манбалари;
• кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги аҳамияти;
• ривожланаётган бозорларда рақамлаштириш жараёнлари;
• ЕТТБ “Яшил шаҳарлар” дастури;
• ЕТТБнинг “Минтақавий иқтисодий истиқболлар” мавзусидаги асосий макроиқтисодий тадқиқоти ва бошқалар ўрин олган.
Йиғилиш давомида халқаро ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтади. Унда макроиқтисодий вазият, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришда хусусий сектор ва давлатнинг роли, ҳудудлараро алоқалар, иқтисодий интеграция, озиқ-овқат хавфсизлиги, рақамлаштириш ва бошқа масалалар юзасидан эксперт муҳокамалари ўтказилади.
Маълумот учун: Ўзбекистон ЕТТБга 1992-йил 30-апрелда аъзо бўлган. Республика умумий қиймати 44,1 миллион еврога тенг Банкнинг 4200 дона акциясига эгалик қилади. Банкнинг ваколатхонаси Тошкент шаҳрида 1993 йил май ойида очилган. Андижонда – 2019-йил октабрда, Урганчда – 2021-йил иун ойида. Қарши шаҳрида ҳам Банк офисини очиш режалаштирилган.
Банк Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлаганидан буён иқтисодиётнинг турли тармоқларида 3,4 миллиард евродан ортиқ 100 та лойиҳа ва дастурларни молиялаштиришни маъқуллади (893 миллион евролик 7 та лойиҳа ишлаб чиқиш жараёнида). Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида ЕТТБ энг кўп сармоя киритадиган давлат ҳисобланади.
ЕТТБ лойиҳалари кичик бизнес, молия сектори, транспорт инфратузилмаси ва энергетикани ривожлантиришга қаратилган. Шу билан бирга, Банк томонидан ажратилган маблағларнинг асосий миқдори тўғридан-тўғри инвестицияларга тўғри келади.
Бундай даражадаги тадбирнинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро инвестиция майдонидаги обрўсини оширишга ижобий таъсир кўрсатиши, шунингдек, ишбилармон доиралар вакилларига Ўзбекистоннинг иқтисодий, сармоявий ва саноат соҳаларининг салоҳияти ва мамлакатимизнинг бой маданияти билан батафсил танишиш имконини бериши кутилмоқда.