Э.Турдимов тадбиркорлар муаммосини ҳал этди

Жума – тадбиркорлар куни муносабати билан Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасида вилоят ҳокими Э.Турдимов навбатдаги қабулни ўтказди.

Унда тадбиркорлар фаолиятларидаги муаммоли масалалар бўйича ҳокимга мурожаат қилди.

Жомбой туманидаги “Диёрбек шифо” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аброр Очилов фаолиятини бошлаш учун харид қилган кўчмас мулк атрофида бўлаётган тортишувларга барҳам беришда амалий ёрдам сўради.

– 2018 йилнинг 10 майида кўчмас мулк биржасида ўтказилган тендер савдосида иштирок этиб, Каттақишлоқ маҳалласи ҳудудида жойлашган бўш турган собиқ “Дўстлик” қишлоқ врачлик пункти биносини сотиб олдим, – дейди А.Очилов. – Аммо бугунги кунда ушбу бино масаласида бир қатор низолар бўлаётганлиги сабабли фаолиятимни бошлай олмаяпман. Қабулда вилоят ҳокими ушбу масала ечими бўйича шу ернинг ўзида масъул раҳбарларга топшириқ берди. Мурожаатим ижобий ҳал бўладиган бўлди.

Учрашувда тадбиркорлар мурожаати бирма-бир тингланди ва уларнинг аксарияти шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Айрим баҳсли масалаларни ҳал қилиш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Бахтиёр МУСТАНОВ.