Европа бозорига чиқиш учун керакли лабораториялар кам: Қуритилган мева экспортидаги муаммоларга эътибор қаратилди

Президент ҳузурида стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Ўтган йили GSP+ тизими доирасида 6 минг 200 турдаги маҳсулотларни Европага божсиз экспорт қилиш имконияти яратилди.

Лекин, ўтган бир йил ичида Европа мамлакатларига экспорт қилинадиган маҳсулот турлари 79 тага (жами 643 та), тадбиркорлар сони 102 тага (жами 579 та) кўпайди”, деди давлат раҳбари йиғилиш аввалида.

Ўсиш суръати жуда паст экани қайд этилиб, тўсқинлик қилаётган асосий омиллар санаб ўтилди. Булар, жумладан:

- стандарт, сертификация ва лаборатория масалаларига жавоб берадиган давлат идоралари экспортни кўпайтиришни ўзи учун устувор вазифа, деб қарамаяпти;

- стандарт, карантин, ветеринария идоралари ҳамда гигиеник лабораториялар ягона сиёсат юритмасдан, тадбиркорга кўмакчи бўлмаяпти;

- ҳудудларда 150 та замонавий лаборатория ташкил этишга эҳтиёж мавжуд.

Йиғилишда қуритилган мевани экспорт қилиш учун 27 хил турдаги таҳлил қилинадиган лаборатория талаб этилиши, лекин бирорта ҳам бундай лаборатория йўқлиги, тўқимачилик маҳсулотларини Европа бозорига олиб кириш учун зарур бўлган 61 та лаборатория таҳлилининг 16 таси бизда йўлга қўйилмагани танқид қилинди.

Энг муҳими, тадбиркор бу муаммолардан маҳсулотини Европага олиб боргандан кейин хабар топаяпти. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати тадбиркорлар билан ишлаш, ўқитиш, мулоқотни йўлга қўймагани кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан ушбу идоралар раҳбарлари олдига 20 мингта ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар билан ишлаб, йил якунига қадар Европага экспорт қилувчи корхоналар сонини 2 мингтага кўпайтириш вазифаси қўйилди.

Уларга бир ой муддатда қайси стандартни жорий қилиш, қайси лабораторияни янгилаш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.