Эйфель минорасини икки марта сотишга муваффақ бўлган товламачи

ХХ асрнинг энг номдор фирибгарларидан бири, қўрқмас Виктор Люстиг жуда ўқимишли, у беш тилни биладиган одам эди. Шунингдек, у ўзига хос истеъдод эгаси ва инсон руҳиятининг нозик билимдони ҳам бўлган.

У турли хил фирибгарликларни ихтиро қилар ва осонгина ўзига тахаллуслар ўйлаб топиши мумкин эди. Люстиг ўз “касб”ига катта садоқат билан ёндашган. Тасаввур қиласизми, у турли мамлакатларда 50 марта ҳибсга олинган. Дастлаб оддий фуқаролар ва банклардан катта миқдордаги пулларни алдаб олиб, шуҳрат қозонди. Бироқ 1925 йилда у битта “катта нарса”ни сотиш орқали ўта машҳурликка эришди. Хўш, у 1925 йилда нимани сотган эди? Нега унинг номи тарихда истеъдодли қаллоб сифатида қолиб кетган?

Қойилмақом фирибгарлик

1925 йилда Виктор Люстиг Эйфель минорасини сотди ва у бу ишни икки марта бажаришга муваффақ бўлди. Бу қойилмақом “ғоя” унинг миясига Парижга келиши биланоқ, шаҳарнинг асосий диққатга сазовор жойи ёмон аҳволга келиб қолгани ва таъмирлашга муҳтож эканлигини эшитганида келди.

Виктор Люстиг

Люстиг ўзига почта ва телеграфлар вазирининг ўринбосари лавозими тақдим этган қалбаки ишонч ёрлиғидан фойдаланиб, қора металлни сотиш ва сотиб олиш соҳасидаги муҳим шахсларга учрашиш таклифи билан бир нечта хат юборди.

Учрашув қиммат меҳмонхонада бўлиб ўтди. Ташкилотчи Виктор Люстиг йиғилганларга Франция ҳукумати минорани бузиб, уни металл парчалари сифатида сотишга қарор қилганини маълум қилди. Бу ёдгорликни сақлаш ва таъмирлаш давлатга қимматга тушаётгани, шу муносабат билан минорани бузиш ҳуқуқи учун яширин овоз орқали ким ошди савдоси ўтказилишини айтиб, бу хонада йиғилган барчани аукционга иштирок этишга таклиф қилди.

У парижликлар Эйфель минорасини жуда яхши кўришганлиги сабабли бу маълумотни билиб олганида, ғазабланишлари ва аукцион муваффақиятсизлик ёқасида бўлиб қолиши эҳтимолдан холи эмаслигини рўкач қилиб ушбу ким ошди савдоси ва бу янгиликлар бошқалар учун сир эканлигини яна бир таъкидлади.

klike.net

 Ким ошди савдосида Андре Пуассон “ютди” ва товламачи Виктор Люстиг каттагина пул маблағи билан Венага жўнаб кетди. Нуфузи пулдан ҳам муҳимроқ бўлган фирибгарлик қурбони Андре Пуассон полицияга бормади ва алданганини яширди.

Такрорий алдов

Қилмишлари фош этилмаган, жазосиз қолган Люстиг бирмунча вақт ўтгач, Парижга қайтиб келди ва алдовини яна қайтарди. Минора қайта сотилди. Аммо бу сафар жабрланувчи алданганини яширмади, у дарҳол полицияга мурожаат қилди. Виктор Люстиг Америкага қочишга мажбур бўлди. Яна бир неча йилдан сўнг 1935 йилда у ҳибсга олинди ва машҳур Алкатрас қамоқхонасига 20 йилга қамалди.

Бироқ бир неча йил ўтгач, у яна расмийларни алдади... аммо пневмониядан вафот этди.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.