Фанлардан ўз вақтида баҳо олмаган талабалар учинчи семестр учун қўшимча маблағ тўлайди

Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов АОКАдаги брифингда маълум қилди:

"Асосий ўзгаришлар — илгари ўқув ҳафталари 38-40 ҳафта атрофида бўларди. Кредит-модул тизими жорий этилгач, бу муддат 36 ҳафтага тушди. Содда қилиб айтганда, академик дарс жараёнлари 10 ойдан 7,5-8 ойга туширилди.

Талаба бир семестрда 15 ҳафта таҳсил олади. Агар бир семестрга 18 ҳафта ажратилган бўлса, унинг икки ҳафтаси талабалар учун ўзлаштирилмаган фанларини ўзлаштиришга, яна бир ҳафтаси янги фанлар ҳамда ўқитувчиларни танлашга сарфланади.

Яна бир муҳим жиҳати — учинчи, ёзги семестр ҳам қўшилган. Бу — таътил даврига тўғри келади ва талабаларнинг аризасига кўра, фанлардан баҳо олмаганлар учун ташкил этилади. Учинчи семестр учун ариза берган талабалар белгиланган тартибда қўшимча маблағни амалга оширади.

Ҳозирча бу тизим бўйича саволлар бўляпти, аммо уч йилдан сўнг барча бу тизимга тўлиқ мослашади», деди Холиқов.