Фаолият сарҳисоб қилиниб, I Конгрессга делегатлар сайланди

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгашининг навбатдаги конференцияси ўтказилди.

Унда ўтиб бораётган 5 йилликдаги фаолият сарҳисоби билан бирга, жорий йилнинг 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда муносиб иштирок этиш маса­ласи кўриб чиқилди.

Қайд қилинганидек, партия ғоя ва мақсадлари атрофида ҳар томонлама фаол, юртимиз тараққиёти ва равнақи билан ўз тақдирини ягона деб ҳисоблайдиган, бу борада ўз салоҳияти, билим ҳамда интилишларини ана шундай эзгу ишларга йўналтира олган кишиларни бирлаштиришга эътибор қаратилмоқда.

Шу сабаб умуммиллий сиёсий ташкилот сифатида турли тармоқ ва тизим вакилларини ўз сафларига янада кўпроқ бирлаштирмоқда. Бундай самарали фаолияти туфайли партия бошланғич ташкилотлари сони ҳам сезиларли равишда ошиб боряпти.

Хусусан, 2019 йил 1 январь ҳолатига партия­нинг вилоят кенгашидаги бошланғич ташкилот­лари 1236 та ҳамда аъзолар сони 100 минг 865 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунга келиб, бошланғич ташкилотлар 1450 та, аъзолар сони эса 155 минг нафардан зиёдни ташкил этмоқда.

Партия депутатлик гуруҳлари томонидан ўтган давр давомида тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарларига 5 минг 419 та депутатлик сўрови юборилган, 200 дан ортиқ масала бошланғич партия ташкилотлари ташаббуси асосида тайёрланиб, депутатлик гуруҳларида эшитувлар ташкил этилди. 661 маротаба мансабдор шахсларнинг ҳисоботи эшитилди. 100 дан ортиқ масала вилоят Кенгаши сессияда кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Партия вилоят кенгаши томонидан 2019-2024 йиллар давомида 20 мингга яқин давра суҳбатлари, учрашувлар, партиявий лойиҳалар, жамоатчилик назорати ва оммавий тадбирлар ташкил этилган бўлиб, мазкур тадбирларда 1 миллиондан ортиқ электорат вакиллари тадбиркор ва фермерлар, ёшлар, хотин-қизлар, интеллектуал мулк соҳиблари ҳамда партия фаоллари иштирок этган.

Сарҳисобдан сўнг партиянинг I Конгрессига делегатлар сайланди ҳамда Қонунчилик палатаси, маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловни уюшқоқлик билан ўтказиш ва мазкур сиёсий жараёнга қизғин тайёргарлик кўриш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

ЎзЛиДеП вилоят кенгаши матбуот хизмати.