Фақат тадбиркорларни эмас, тадбиркорлик қилмоқчи бўлганларни ҳам қўллаб-қувватлаймиз
Тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначиликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш орқали аҳолини камбағалликдан чиқариш, турмуш даражасини ошириш - бугунги куннинг долзарб масаласи. Бу борада секторлар раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда ва ушбу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини беряпти.
Юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлашни ўз олдига мақсад қилган партиямиз ҳам ишбилармонлар орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорлик кўникмаларини ўргатишга ҳисса қўшиб келмоқда.
Жумладан, O’zLiDeP “Аёллар қаноти” томонидан амалга оширилаётган “Бир депутат - юз аёлга кўмакчи!” лойиҳаси доирасида партиядан сайланган маҳаллий кенгашлар депутатлари 2022 йилда ўтказилган юздан ортиқ тадбир натижасида 571 нафар хотин-қизга амалий ёрдам кўрсатди. Хусусан, 122 нафар опа-сингилларимиз тадбиркорликка жалб қилинди, 121 нафари ишга жойлаштирилди, 50 нафарига кредит олишда ёрдамлашилди. 120 нафар аёлга моддий ёрдам берилди.
Биргина Жомбой туманидаги 16-Холвойи сайлов округидан вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган тадбиркор Ҳайдар Ўроқов ўтган йил ўзи сайланган ҳудуддаги маҳаллаларда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”да рўйхатга турган ишсиз фуқаролар, 100 нафардан ортиқ хотин-қизларнинг ишга жойлашиши, доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашди.
Бундан ташқари, йил давомида O`zLiDeP вилоят Кенгаши ташаббуси билан 12 маротаба “Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқот форуми” лойиҳаси ўтказилди. Бу учрашувларда тушган мурожаатларнинг 98 таси ижобий ҳал қилинди, 50 га яқин мурожаат депутатлар назоратига олинган.
Депутатлар томонидан тегишли ташкилот ва мутасаддиларга депутатлик сўровлари билан мурожаат қилиниши натижасида асаларичилик, чорвачилик, тикувчилик ҳамда гўзаллик салони ва сартарошхона ташкил этиб, тадбиркорликни бошлаш ниятидаги фуқароларга банк кредитлари ажратилди.
Мисол учун, халқ депутатлари Иштихон тумани Кенгаши депутати К.Явқочдиевнинг кўмаги билан туманнинг Намуна маҳалласида яшовчи Мирзоҳид Абдуҳамидовнинг хўжалик совуни ва кир ювиш кукуни, суюқ совун ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириши учун унга банкдан 30 миллион сўм кредит ажратилди.
Бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам давом этмоқда.
Зафар КАРИМОВ,
O'zLiDeP Самарқанд вилояти Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.