Фаррошлар қанча маош олади?

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, қишин-ёзин, совуқда ҳам, иссиқда ҳам меҳнат қилаётган фаррошлар қанча маош олади?
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги молия бўлими маълумотига кўра, бюджет муассасаларида фаррош штатига 1-разряд билан 634 минг 880 сўм маош белгиланган бўлиб, қўлга олинадигани 552 минг 346 сўмни ташкил қилмоқда. Ушбу суммадаги иш ҳақи барча бюджет ташкилотларда меҳнат қилаётган фаррошларга тегишли. Бундай маош меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг ками дегани эмасми? Бу маош билан рўзғор тебратиб бўладими? Деярли барча ташкилотларда энг кам иш ҳақи фаррошники. Худди уларнинг иши осондек, ҳамма ҳам фаррошлар меҳнатини бажара оладигандек...
Мактабда фаррош учун пул йиғиладими?
- Мактабда фаррошлик қиламан, - дейди Самарқанд шаҳрида истиқомат қиладиган қиз. – Ойлик маошим 550 минг сўм. Ундан ташқари учта синфим бор, ҳар бири 30 минг сўмдан йиғиб беради.
Суриштириб кўрсак, айрим мактабларда ҳақиқатан ҳам аҳвол шундай экан. Фаррошлар ойлиги камлиги боис ойига ҳар бир ўқувчидан 1000 сўмдан 3000 сўмгача йиғиб бериларкан. Айрим мактабларда фаррошлик штати камлиги боис уларни ярим штатдан ишга олиб, қолган “маоши”ни ўқувчилардан тўплаб беришаркан.
- Ҳар ойда синф фонди учун 5 минг сўмдан йиғамиз, - дейди ота-оналардан бири. – Билмадим, қанчаси фаррошга, қанчаси бошқа нарсаларга сарфланади?
- Ўғлим академик лицейда ўқийди, ойига фаррош учун мендан 3000 сўм олади. Синфида 28 нафар бола бор, 3000 сўмдан йиғилганда 84000 сўм бўларкан. Бошқа синфлар ҳам худди шундай фаррош учун пул йиғишади, - дейди танишларимдан бири.
Директорлар нима дейди?
- Мактабимизда 1122 нафар ўқувчи ўқийди, - дейди Нарпай туманидаги 17-умумий ўрта таълим мактаби директори Марҳабо Жабборова. – Мактабда 9 нафар фаррош бир ставкадан ишлайди, иш соати 08:00 дан 17:00 гача. Фаррошлар ойлик маоши 634 минг 880 сўм. Бизда фаррош учун ҳеч қанақа пул йиғилмайди.
- Мактабимизда 6 нафар фаррош меҳнат қилади, - дейди Самарқанд шаҳридаги 7-умумий ўрта таълим мактаби директори Суҳроб Баҳриддинов. – Уларнинг маоши камлиги боис 1,25 ставка ойлик белгиланган. Мактабда фаррош учун ўқувчилардан пул йиғилишига йўл қўймайман.
Мана энди буёғини ўзингиз хулоса қилинг.
Боғчада штат йўқми?
Бугунги кунда вилоятда 656 та давлат тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, уларда ҳам фаррошларга 1-разряд бўйича маош белгиланган. Бироқ, айрим боғчаларда ҳар бир гуруҳнинг тозалигига тарбиячи ёрдамчиси жавоб беради.
- Боғчада энага бўлиб ишлайман, бизда фаррошлик штати йўқ, - дейди Самарқанд шаҳридаги боғчалардан бирида ишловчи аёл. – Маошим 615 минг сўм.
- Боғчамизда фаррош штати йўқ, - дейди Каттақўрғон туманидаги 8-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси Ҳамдинисо Азимова. – Мактабгача таълим вазирининг 2019 йил 14 октябрдаги буйруғига асосан, давлат мактабгача таълим ташкилотларида хизмат хоналарининг 350 квадрат метр тозаланадиган майдони учун 0,5 бирлик хисобидан хизмат хоналари фарроши лавозими ажратилиши кўзда тутилган. Боғчамизда гуруҳдан ташқари хизмат хоналари майдони 150 квадрат метр атрофида бўлгани боис бизга фаррош штати ажратилмади. Гуруҳлар хоналарини тарбиячи ёрдамчилари тозалайди. Фаррош йўқлиги сабабли қолган хизмат хоналарни ҳам ходимларга бўлиб берганман.
Бундан чиқди хизмат хоналарининг майдони кам бўлган боғчаларда фаррош штати йўқ. Бундай тартиб аввалдан мавжуд экан.
Шифохонада фаррош қанча маош олади? Ресторан ва супермаркетларда-чи?
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, бюджет ташкилотларига қарашли шифохоналарда фаррошларга 968 минг сўм маош белгиланган. Шунингдек, ОИТС марказлари, лабораторияларда ишлайдиган фаррошларга қўшимча устамалар берилади.
Самарқанд шаҳридаги Redtag магазинида ишловчи фаррош эса 1 миллион сўмдан 1 миллион 300 минг сўмгача маош олар экан. Шунингдек, касаллик таътиллари, туғруқ, суюнчи пули ва меҳнат таътиллари ҳам берилади. Иш жойида иссиқ овқат ташкил этилган.
Самарқанд шаҳридаги ресторанларда эса фаррошлар 50-60 минг сўм кунлик меҳнат ҳақи олади. Баъзи ресторанларда иш ҳажмига қараб фаррошлар 1 миллиондан 2 миллион сўмгача иш ҳақи олади. Бундан ташқари, бепул тушлик берилади. Лекин уларнинг аксарияти норасмий ишлайди.
Россияда фаррошликка ёшлар жалб этиладими?
Келинг, хорижда бу юмушни бажарадиган аёллар оладиган маошга эътибор қаратайлик.
Чет давлатларда фаррошларнинг маоши деярли бошқа ходимларникига яқин этиб белгиланган. Масалан, Россия Федерациясида катта-катта супермаркетларда 30-50 нафаргача фаррош ишлайди. Уларнинг иш ҳақи кассада савдо қилаётган ходимларникидан бироз кам, баъзан бироз кўпроқ ҳам. Сабаби, у ерда фаррошларга иш соатига қараб ҳақ тўланади. Яна бир томони, Россияда ҳамма ҳам фаррошликка олинавермайди. Кўпинча ёш, чаққон, буюрилган ишни тез ва тоза бажарадиган ходимни иш олишади. Бизда эса фаррошнинг иш ҳақи камлиги боис ёшлар бундай касбни танламайди. Фақат бирор касби бўлмаган кам таъминланган оилада истиқомат қилаётганлар, боқувчисини йўқотганлар фаррошлик қилади.
Россиядаги ўзбек муҳожирлари ҳаётини яхши билганим боис уларнинг айримлари билан телефон орқали гаплашдим.
- 24 минг рубль иш ҳақи оламан, бу 300 доллардан сал ошади, - дейди Хабаровск шаҳрида супермаркетда ишлайдиган ўзбекистонлик Севара. – Тўғри, ишимиз оғир, аммо шу иш ўзимизда бўлса жон-жон деб ишлардим.
- Бир ярим яшар боламни қайнонамга ташлаб, эрим билан Россияга келганман, - дейди Мадина. – Турмуш ўртоғим билан биргаликда ишлаб қишлоқдан уй қуряпмиз. Эрим қурилишда ишлайди, мен ресторанда фаррошлик қиламан, иш соатимга қараб 400 долларгача иш ҳақи оламан. Ўзимизда шунинг ярми ҳажмида маош тўласа ҳам, ҳечам бу юртларда юрмасдим.
Бундай мисолларни истаганча келтиришим мумкин. Россияда ўзбекистонлик аёлларнинг асосий қисми фаррошлик қилади. Уларга яхши маош тўланади. Аммо, бизда ҳанузгача фаррошлар меҳнати қадрланмайди.
Туркияда фаррошлар ўртача ҳисобда 500 АҚШ доллари, Германияда 450 евро, Америкада 600 доллар, Францияда 1402 АҚШ доллари, Финландияда 1706 АҚШ доллари миқдорида маош олади. Ривожланган давлатларда фаррошлар иш ҳақи соатига қараб ҳисобланади.
Кўча супурувчилар нега туманлардан қатнаб ишлайди?
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси берган маълумотга кўра, шу кеча-кундузда шаҳар кўчаларида 241 нафар фаррош меҳнат қилмоқда. Тартиб-қоидага кўра, 1 нафар фаррошга 6600 квадрат метр майдон тозалаш учун берилади. Уларга 6 иш куни жорий этилган. Иш соати 7 соат, фақат шанба куни 5 соат этиб белгиланган. Фаррошларга мавсумий иш кийимлари берилади. Ушбу ташкилотда фаррошларнинг штат жадвали бўйича ойлик тариф ставкаси миқдори 802 497 сўмни ташкил қилади. Бошқарма ишчи-ходимларига йилнинг ҳар чорагида ойлик тариф ставкасининг 30-40 фоизгача бўлган миқдорда мукофот пуллари берилади.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 майдаги 267-қарорига асосан, ободонлаштириш бошқармаси ишчи-ходимларининг узоқ муддат узлуксиз меҳнат фаолияти бўйича ойлик тариф ставкасига нисбатан белгиланган қўшимча мукофотлар ҳам ажратилган. Қарорга асосан, ишчи-ходимларнинг иш стажи 1-3 йил бўлганда 30 фоиз, 3-5 йил бўлганда 60 фоиз, 5-9 йил бўлганда 80 фоиз ва 10 йилдан ошганда 100 фоиз ойлик тариф ставкаси миқдорида мукофот пуллари берилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 июндаги қарорига асосан 2020 йил 1 январдан ободонлаштириш бўлинмалари ходимларига овқатланиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида компенсация ва ободонлаштириш бошқармалари ходимларига ойлик тариф ставкасининг 15 фоизи миқдорида устама белгиланди.
– Бизнинг асосий ишчиларимиз Оқдарё, Жомбой ва Пайариқ туманидан қатнаб ишлайди, - дейди Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси кадрлар бўйича бош мутахассиси Тошкентбой Бердиёров. - Ҳар куни ишчи-ходимлар автобусда олиб келиб-олиб бориб қўйилади. Фаррошларнинг иш ҳақи нақд пул ҳисобида ҳар ойнинг 5-санасида иш жойига келтириб берилади. Маҳаллий аҳоли, яъни шаҳарликлар орасида бу соҳада ишловчилар жуда кам. Шу сабабли ишчиларнинг аксарияти туманларда яшайди.
Фаррошлар нимадан норози?
- Ойлигим 690 минг сўм, - дейди фаррошлардан бири.
- Мен анчадан бери Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармасида ишлайман. 774 минг сўм маош оламан, - дейди иккинчи фаррош.
- Нега сиз шеригингиздан кўпроқ оласиз? – деб сўрадим.
- Мени гулчиликка ишга олишган, уларнинг ойлиги фаррошларникидан кўпроқ. Бироқ, гулчи ҳам, фаррош ҳам бир хил иш қилади. Гул экиш керак бўлса, ҳамма бирдек гул экади, тозалаш керак бўлса ҳамма бирдек тозалайди. Мен шунга тушунмайман.
Штатлар жадвалида гулчи эмас, кўкаламзорлаштирувчи деган штатга 490 нафар киши ишга олинган. Демак, шунча одам фаррошлик қилади. Аслида 241 нафар фаррош Самарқанд шаҳрига етмайди.
- Пайариқ туманидан қатнаб ишлайман, - дейди учинчи фаррош. – Мени гулчи штатига ишга олишган, 774 минг сўм ойлик оламан. Ишимиз унча қийин эмас, фақат қатнашимиз бироз қийинроқ. Ҳар куни эрта тонгдан ишга отланаман, кечқурун соат еттиларда уйга кириб бораман. Ишимиз соат бешда тугаса-да, автобус вақтида олиб кетмайди. Қишнинг қисқа кунида уйга бориб, бирор иш қилишга улгуролмайман. Худди ижарада яшаётгандек фақат ухлаш учун уйга бориб келяпман.
- Рўзғорингиздаги ишларни ким қилади унда? – деб сўрадим.
- Ҳафтада бир кун дам беришади. Якшанба куни уйда бир ҳафтага етадиган нон ёпаман, кир юваман. Қолган ишларни қизим мактабдан келиб, бир амаллаб эплаб туради.
- Эрта тонгдан то кечгача меҳнат қилиб, топаётган маошингиз рўзғорингизга етадими?
- Етмайди-да, нима қиламиз? – дейди аёл беғуборлик билан кулиб.
Ширкатларда ҳам аҳвол шу
Вилоятда 157 та уй-жой мулкдорлари ширкати бўлиб, унда 230 нафар фаррош ишлайди. Уларнинг маоши атиги 630 минг сўм. Бир ставка иш учун ҳар бир фаррошга 3 минг квадрат метр жой берилади. Агар кўп қаватли уйлар атрофидаги майдон кам бўлса, 0,5 штат ишга олинади ва шунга яраша иш ҳақи тўланади.
Хуллас...
Яшириб нима қилдик, биринчидан, фаррошлик касби жуда қийин, иккинчидан, иш ҳақи кам. Шунинг учун ҳам шаҳарликлар кўча супуришни истамайди. Аслида шаҳримизни, иш жойимизни озода қилиб қўяётган ҳалол касб эгаларининг маоши ҳам оширилиши керак. Улар ҳам меҳнат қиляпти, уларнинг ҳам бола-чақаси, рўзғори бор. Қисқаси, фаррошнинг ҳам яхши яшашга ҳақи бор.
Айрим ташкилот ва муассаса раҳбарлари ўз фаррошларига моддий ёрдам, мукофот пули ёзиб, ёрдам бериши мумкин. Бироқ, бундай кўмакни ҳар ойда бериб бўлмайди. Бу билан ҳам муаммога ечим топиш мушкул.
Тўғри, фаррошнинг маоши камлиги боис айрим мактабларда ўқувчилардан пул йиғилар, аммо бу ҳамма мактабда шундай тартиб дегани эмас. Ҳар куни мактабда саккиз соат меҳнат қилиб, атиги 552 минг сўм ойликка рўзғор тебратаётган фаррошлар қанча? Уларнинг дардини эшитиб, муаммосини ҳал қилиш вақти келмадими? Кенг жамоатчилик, депутатлар фаррошлар маошини ошириш ҳақида таклиф киритса, балки келажакда фаррошларнинг ҳам иш ҳақи оширилармиди?
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.